2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

“Соҳибқирон Амир Темур — темурийлар ренессанси бунёдкори” мавзуидаги Халқаро онлайн илмий анжумани

9-апрель буюк давлат арбоби, ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи, Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 685 йил тўлди.

Ана шу муносабат билан пойтхтимизнинг Соҳибқирон бобомиз номи билан аталадиган майдонда, унинг муаззам ҳайкали пойида вазирлик ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Темурийлар тарихи давлат музейида “Соҳибқирон Амир Темур — темурийлар ренессанси бунёдкори” мавзусида  Халқаро онлайн илмий анжумани бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Республика Маънавият ва маърифат Маркази, Халқаро Амир Темур жамғармаси ва Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда олимлар ва адабиётшунослар, Республика ва Тошкент шаҳар Миллий маданий марказларининг раҳбарлари ва фаоллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги ваколлатхоналари раҳбарлари, қўшни Қозоғистон Республикасидан таршриф буюрган меҳмонлар иштирок этдилар.

 

Давра суҳбатида ўзининг кириш сўзида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов мустақил Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида янги уйғониш даври давом этаяпти. Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг буюк авлод-аждодларимиз яратган бебаҳо маънавият сарчашмаларидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлганлиги учун ҳам улуғ аждодларимиз, буюк мутаффакирларимиз номларини халқимиз ҳурмат ва эҳтиром билан эслаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмокда деди. У давра суҳбатини ташкил этишда ҳамкорлик қилган барча ташкилотлар раҳбариятларига Қўмита номидан миннатдорчилик билдириб бундай ҳамкорлик жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади деб ишонч билдирди.

– Амир Темурнинг тарих саҳнасига келиши Марказий Осий халқлари учун ҳам ғоят муҳим ва катта аҳамият касб этди, – деди Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий. – Унинг номи етти иқлимга кетган, жангларда бирор марта хам енгилмаган жаҳонгир сифатида тарихнинг олтин саҳифаларидан жой олган. Темур мўғул истилосига барҳам берган, ягона давлат тузган жаҳонгир шахсдир. У Уйғониш даврига туртки берди.Бу инсоний муносабатлар,адабиёт, шаҳарсозлик, меъморчилик , санъат, маданият ривожида беқиёс ўрин тутади.

– Амир Темур буюк давлат арбоби,Марказий Осиё халқларнинг фахру ифтихоридир, – деди ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладик. – Темур ва темурийлар даври билан боғлиқ меъморий обидалар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан жой олган. Темурийлар даврига оид қимматбаҳо манбалар Испания, Буюк Британия ва бошқа давлатлар музейларида сақланиши Амир Темурга жаҳон миқёсдаги қизиқишдан дарак беради.

 

— Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Улуғ Соҳибқирон Амир Темурнинг сиймоси, ҳаёти ва фаолияти хозирги Марказий Осиё заминида яшаётган барча халқларнинг ўтмиш тарихидан шарафли ўрин олибгина қолмасдан, замонавий тарихий ривожланишида ҳам ўз аксини топиши диққатга лойиқ, — деди Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари раиси Икромжон Ҳошимжонов. – Улуғ ва мустаҳкам тартиб ва адолат ҳукм сурадиган давлат барпо этган буюк аждодимиз Амир Темур хозирги Жанубий Қозоғистон ҳудуди тарихи ва маданиятини ривожланишида чуқур из қолдирди. Амир Темурнинг Қозоғистоннинг жанубий ўлкаларидаги фаолияти билан боғлиқ тарихий қадамжолар, ўша ердаги юз йиллар давомида оға-ини, дўст ва қўшни бўлиб яшаётган ўзбек ва қозоқ халқлари ҳаёти учун Амир Темур номи билан боғланган Сайрамлик Мирлар авлодлари бу сиймонинг фақатгина тарихидангина эмас, балки келажак авлодлар учун ҳам катта маънавий ва моддий мерос қолдирганлигининг гувохимиз, — дея таъкидлаб ўтди.

 

Давра суҳбатида таниқли Темурийшинос олимлар ва тадқиқотчиларнинг “Амир Темур – буюк давлат арбоби”, “Соҳибқирон Амир Темур – миллат ифтиҳори”, “Амир Темур даврида иқтисодий масалалар”, “Темурийлар ренессанси: китобат ва миниатюра санъати ривожи” ва бошқа мавзуларидаги маърузалари тингланди, .

Тадбирда сўзга чиққан хорижий давлатлар элчихоналари раҳбарлари ва Қозоғистондан ташриф буюрган меҳмонлар, Амир Темур ўз мамлакатида маънавиятнинг қўллаб-қувватланиши, юксалиши ва ўтмиш даврларнинг олий анъаналари тикланиши учун шарт-шароит яратгани, Темурийлар сулоласи вакилларининг маънавият ва маданиятга алоҳида эътибори туфайли ХIV-ХVI асрларда юксак илмий ва ижодий ютуқларга эришилганини алоҳида қайд этиб, бу борадаги ишлар ҳозирги замонда ҳам ниҳоятда золзарб эканлдиги таъкидлаб ўтдилар.

Давра суҳбати якунида Амир темур меросини ўрганиш,  «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни  ривожлантиришга доир амалий таклифлар билдирилди.