2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

“SPRING FESTIVAL” Тўртта давлат маданиятини акс эттирди

Баҳор фасли нафақат бетакрор табиати, балки бир-бирини такрорламайдиган гўзал байрамлари билан ҳам севимлидир. Неча асрлардирки, янгиланиш айёмини жамики халқлар ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфиятда қарши олади.

Кўп миллатли, бағрикенг халқимиз баҳор тантаналарини турли миллат ва элат вакиллари билан ҳамжиҳатликда нишонлаши анъана тусига кирган. Юнусобод туманидаги 260-мактабда катта синф ўқувчилари иштирокида инглиз тилида ўтказилган тадбирда ҳам Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония ва Ўзбекистонда баҳор фаслининг кутиб олиниши ва ушбу халқларнинг кўклам байрамларига хос урф-одат, анъаналари рақс ва саҳна кўринишлар тарзида намойиш этилди.

— Мактабимизда ўқувчиларга 1-синфдан бошлаб инглиз тили фани ўқитилади, — деди мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Дилором Мавлонова. — Баҳор айёмлари муносабати билан ўтказилаётган бугунги тадбирда ўғил-қизларимиз саҳна кўринишлари орқали тўртта давлат маданиятини намоён қилишди. Унда мактабимизда таҳсил олаётган турли миллат болалари иштирок этди. Бу каби тадбирлар уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Инглиз тили ўқитувчилари Дилором Мавлонова ва София Бобожоновалар ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан ўтказилган тадбирга ЎзДЖТУ инновация маркази, фармацевтика институти, Ҳиндистон маданият марказидан меҳмонлар ҳамда ота-оналар таклиф этилди. Ўқувчилар ўзларининг бадиий чиқишлари, саҳна кўринишлари, айниқса, инглиз тилида аниқ ва равон сўзлашлари билан йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

Қатнашчилар тўрт давлатнинг баҳорий миллий таомлари билан яқиндан танишишди. Кўтаринки руҳда ўтган тадбир тантаналари устозларнинг табрик ва қутловларига уланиб кетди.

Ирода ТОШМАТОВА.