2020 йил glavnaya

“Т-34” танкида Берлинни забт этган ўзбек жангчиси

Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ушбу сана коронавирус пандемияси туфайли шаҳар ва қишлоқларимизда кенг халқ оммаси иштирокида нишонланмаётган бўлса-да, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада аждодларимизни ёд этиш, бу оламдан ўтган яқинларимизни хотирлаш, ҳаёт бўлган нуронийларимиз, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш билан ўтказилмоқда. Чунки, юртимизда Иккинчи жаҳон урушидан азият чекмаган оила йўқ. Ҳалигача бу урушнинг жароҳати қалбларни ўртайди.
Кўп миллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори 1941-1945 йиллардаги урушда фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган Ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Жумладан, бухороликлар ҳам Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида фидойилик кўрсатди. Уруш йилларида вилоятдан кўплаб кишилар фронтга сафарбар қилинди. Уларнинг орасида бобожоним Зариф Шарипов ҳам бор эди.
photo_2020-05-09_10-47-57.jpg
Бобожонимнинг болалик йиллари оғир кечган. 1925 йил Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Зариф бобом 3 ёшлигида отасидан айрилган. Ёлғиз онасининг қўлида қолган бобом очарчилик, қаҳатчилик даврида онасига ёрдамчи бўлиб далада дехқончилик қилган.
Мактабни аъло баҳога битирган 16 ёшларида уруш бошланади.
Холамнинг айтишларича, бобом фронтга кетиш учун ёшларини 2 ёшга катталаштирган экан. 1942 йилда урушга кетган навқирон йигит автоматчилар ротасига тушади. Ўша йилнинг 12 ноябрь куни бобомнинг ёдида бир умрга муҳрланган. Илк бор фашистлар билан юзма-юз жанг қилган бобом Волга дарёси ёқасидаги фашистлар тўдасини тор-мор қилишда жонбозлик кўрсатган. Бироқ, ёнгинасида портлаган бомбадан оғир ярадор бўлади. Икки ой даволаниб чиққандан сўнг батальон командири Солдунов бобомдаги мардликни кўриб уни танкчилар мактабига ўқишга юборади.
Свердловск областидаги мактабда 6 ой таҳсил олиб эндигина ихтиро қилинган ҳужумкор “Т-34” танкида жангга киради. У ҳеч қачон чекинмади. Кўплаб шаҳар ва қишлоқларни фашистлардан озод этишда мардонавор курашди. Немисларни қўрқув ва талвасага солган “Т-34” танкида Германияга кириб боради. Бобожонимнинг мардоновар курашганлари муносиб тақдирланган. Қизил байроқли, Суворов орденли танкчилар бригадасининг командири Макаров имзолаган 13 та фахрий ёрлиқ , 2 та Қизил Юлдуз, 1 та иккинчи даражали Улуғ Ватан уруши орденлари ҳамда кўпгина медаллар шодаси унинг жанглардаги жасоратидан далолат. Бобожонимнинг “Т-34” танки Белорусдаги қайсидир шаҳарда турган экан. Буни тоғамнинг ўғиллари борганда кўрибти. Танкда Зариф Шарипов деб ёзилган экан.
Зариф бобом 1947 йилда ҳарбий хизматдан қайтгач, Ленинград шахридаги ички ишлар академиясида таҳсил олади. Бухоро ва Навоий вилоятларида 30 йилдан зиёд ички ишлар тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлайди. 11 нафар фарзандни ўстириб, ўқитиб эл орасига қўшди.
Бобожоним Зариф Шариповни бутун эл бағрикенг инсон, адолатли, меҳнатсевар, халқпарвар раҳбар сифати ҳурмат билан тилга олади. То умрининг охиригача шундай эътироф, иззат-икром у кишини тарк этмади. Бобом табиатан самимий, элпарвар ва дастурхони очиқ инсон бўлган. Ҳар доим хонадонидан сўраб келувчиларнинг кети узилмасди. Катта ҳаёт йўлини босиб ўтган бу инсоннинг эзгу ишлари, қилган яхшиликлари, барча яхши фазилатларини эл-элат фахр билан кўп эслайди. Афсуски, бу инсондан биз авлодларга жасоратли ҳаёт йўли, эзгу ишлар ва ширин хотиралар қолди, холос…
Биз сизни асло унутмаймиз, сиз билан фахрланиб яшаймиз бобожон.
 
Саодат Ҳафизова,
285-умумтаълим мактаби 
ўқитувчиси