2022 йил Bosh-sahifa-kir

Таниқли япон археолог олими Кюдзо Като таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

Таниқли япон археолог олими, жамоат ва давлат арбоби Кюдзо Като таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан жорий йил 18 май куни Термиз Археология музейида “Кюдзо Като ва Қадим Сурхон воҳаси буддавийлик мероси” мавзусида халқаро онлайн/офлайн конференция ташкил этилди.

Конференцияни ташкил этишдан мақсад – япон олими К.Катонинг илмий меросини ўрганиш, Ўзбекистон ва Япония ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш.

Тадбирда Қўмита, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Термиз археология музейи, “Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси, К.Катонинг оила аъзолари, дўстлари ҳамда тарихчи олимлар иштирок этди.

Конференция очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири А.Абдуҳакимов, Қўмита раиси ўринбосари В.Тян, Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси М.Абдураҳмонов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Toда Шинсукэ, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Ж.Тўраев сўзга чиқиб илиқ фикрлар билдиришди.

В.Тян К.Като ўзига хос феноменал олим бўлиб, ўзбек тилини мукаммал ўрганганлигини, Япониянинг кўплаб шаҳарларида Ўзбекистон тарихига оид кўргазмалар ташкил этиб, ҳақли равишда япон ва ўзбек халқларининг меҳр ва муҳаббатига сазовор бўлган халқ дипломати эканлигини айтиб ўтди.
“Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси президенти ўринбосари, Ф.Като дўстлик алоқаларида халқ дипломатияси ва маданий алмашинув воситалари орқали ҳамкорлик қилиш Япония — Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада тараққий этишига ва мустаҳкамланишига олиб келишини айтиб ўтди. У Ўзбекистон томонидан машҳур тарихчи, археолог К.Катога кўрсатилаётган эътибор икки дўст халқни бирлаштириб, ҳамкорликда катта аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

К.Кюдзони рафиқаси Садако Като хоним барча тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, тадбир икки мамлакат халқлари учун ўз маданияти, урф-одатини асраб-авайлаш, миллий қадриятларни ривожлантириш учун катта хисса қўшишини таъкидлади. У Cурхондарёда К.Като номидаги мактаб ва кўча мавжуд эканлиги, турмуш ўртоғининг фахрий “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлиги, унга нисбатан кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун ўзбек халқидан бир умрга миннатдор эканлигини алоҳида айтиб ўтди.

Термиз археология музейи бўлими мудири Р.Нуралиева К.Като хотирасини абадийлаштириш мақсадида Термиз археология музейида ташкил этилган махсус кўргазма зал ва фото кўргазма ҳақида айтиб ўтиб, бугунги онлайн тадбирдан мақсад – Kюдзо Като қилган эзгу ишларини ёшларимизга етказиш, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни ривожлантириш ва икки халқ орасида ҳамкорликда ишлар олиб боришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлади.

Термиз Археология музейида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Санъатшунослик Институти, Археология Институти ва профессор К.Като ҳамкорлигида Эски Термиз Буддавийлик мажмуаларида, ҳамда Далварзинтепа археологик ёдгорликларида олиб борилган илмий тадқиқот ишларига бағишланган кўргазма намойиш этилди.