2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ТАРИХИЙ НУТҚ САБОҚЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ва жаҳон тарихида илк маротаба ўзбек тилида янграган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ҳам Ўзбекистон, ҳам Марказий Осиё минтақаси ва ҳам жаҳоннинг глобал муаммолари мўжаз ва конкрет тарзда ўртага қўйилди. Юртбошимиз коронавирус пандемияси ҳақида фикр юритар экан, бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмагани, бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатгани, ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳим эканлигини  исботлаганини таъкидлади.

Охирги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Бунинг натижасида янги Ўзбекистон шакллана бошлади. Сиёсий партияларнинг  фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошди, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни кучайди, мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди, судларнинг мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар амалга оширилди, коррупцияга қарши кураш янги босқичга кўтарилди ва бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этишга оид бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, ёшларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги кучайтирилди, бу соҳада Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги ўз фаолиятини бошлади, минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришилди, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорликлар йўлга қўйилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан давлатимиз раҳбари ўзининг қисқа, лўнда, лекин сермазмун ва кенг қамровли нутқида минтақамиз ва дунёнинг  глобал муаммоларини ҳал этиш бўйича 6 таклифни ўртага ташлади:

  1. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш;
  2. Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш;
  3. Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш;
  4. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш;
  5. Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ва ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш;
  6. Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш.

Кўриб турганимиздек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар ва ўртага ташланган таклифлар бугунги куннинг умуминсоний аҳамиятга эга бўлган энг долзарб муаммолари ва фожиаларини қамраб олган: пандемия – парламент – алоқалар – Афғонистон – экология – қашшоқлик.

Муҳтарам Президентимизнинг бугунги мураккаб шароитда янгиланаётган Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий аҳволи тўғрисидаги ҳисоботида мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар ўзининг яққол  аксини топгани билан характерлидир.

Ўйлаймизки, давлатимиз раҳбарининг  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида ўртага ташланган глобал аҳамиятга эга таклифлар жаҳон ҳамжамиятини бефарқ қолдирмайди, тараққийпарвар ва тинчликсевар халқларнг диққат-эътиборини ўзига қаратади, инсониятнинг ёруғ, тинч-тотув, фаровон ва саодатли  ҳаёт кечиришини таъминлаш  йўлида катта ҳисса бўлиб қўшилади.

 

Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ,

Республика Тожик миллий маданий маркази раиси,

Тошкент давлат Шарқшунослик университети “Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси” кафедраси доценти