“Шаҳар ичра шаҳар” дея таърифланаётган “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказида Марказий Осиёдаги энг баланд бино қурилади. Маҳаллий “Murаd Buildings” ҳамда Туркиянинг “Ozguven” қурувчилик компанияси томонидан бунёд этиладиган мазкур ноёб лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Марказнинг бир ярим гектар майдонини эгаллайдиган мазкур 50 қаватли иншоотнинг баландлиги 215 метрдан ошади. Бу Нур-Султон шаҳридаги осмонўпар бинодан ҳам юксак, деганидир.
Хўш, Ўзбекистон қурувчилик тарихида энг баланд иншоот бўлиши кутилаётган мажмуанинг хавфсизлиги, зилзилабардошлиги қандай бўлади?
“Murаd Buildings” компанияси асосчиси ва раҳбари Мурод Назаровнинг айтишича, масаланинг шу томонини ҳисобга олиб, дунёнинг 100 дан зиёд компаниялари билан музокаралар олиб бориб, туркиялик қурувчилар билан келишувга эришган. Улар биргаликда қурилиш майдонидан 100 метр чуқурликкача тупроқдан намуна олиб ўрганилган ва шу асосда ўта мустаҳкам лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу жараёнда 500 дан зиёд мутахассислар иштирок этган.
— Уч блокдан иборат мазкур иншоот лойиҳаси устида ўз ноу-хауларимизни қўллашдан ташқари, Туркиянинг йирик университетларидан профессор-ўқитувчиларни ишга таклиф қилдик ва кўплаб мутахассислардан маслаҳат олдик, — дейди “Ozguven” бошқарув кенгаши раиси Озгур Озгувен. — Натижада архитектура ва муҳандислик нуқтаи назаридан жуда батафсил тадқиқот ва лойиҳалаштириш ишлари олиб борилди. Қурилишда ҳам энг сифатли маҳсулотлардан фойдаланамиз. Бу унинг ўта мустаҳкам бўлишини таъминлайди.