Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси ва консулликлари саъй-ҳаракати билан жорий йил 28 июндан 5 июлгача бўлган вақт мобайнида 2 минг 87 нафар ҳамюртимиз ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу давр мобайнида Москвадан 4 та (1 минг 55 нафар йўловчи), шунингдек, Екатеринбург (267 нафар йўловчи), Қозон (192 нафар йўловчи), Новосибирск (191 нафар йўловчи), Санкт-Петербург (188 нафар йўловчи) ва Ростов-Дон (194 нафар йўловчи) шаҳарларидан биттадан чартер рейс ташкил қилинди.
Ушбу авиақатновларда биринчи навбатда кекса ёшли, соғлиғида шикояти бор инсонлар, ҳомиладор аёллар ва икки ёшгача чақалоғи бор аёллар олиб келинди.
Шунингдек, ушбу даврда моддий жиҳатдан оғир шароитга тушиб қолган 583 нафар юртдошимизга «Меҳр» хайрия лойиҳаси доирасида бир марталик молиявий ёрдам ажратилди. Уларга 3 миллион 744 минг 863 рубль тўланди.
«Меҳр» хайрия тадбири бошланганидан буён Россиядаги 5 минг 667 нафар Ўзбекистон фуқароларига тўланган молиявий ёрдам умумий миқдори 354 миллион 567 минг 834 рублни ташкил этди.
Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, 6 июль ҳолатига кўра, Россияда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 681 минг 251 га етди, жумладан сўнгги 24 соатда мамлакатнинг 84 ҳудудида коронавирусга чалинганлар сони 6 минг 736 тани ташкил этмоқда, эпидемия бошланганидан буён 450 минг 750 киши касалликдан буткул соғайган. Вафот этганлар сони эса10 минг 161тага етди.