2021 йил glavnaya Мероприятия Янги Ўзбекистон

ТИЛ-МИЛЛАТ БОЙЛИГИ

Тил ва маданий турли хилликка кўмаклашиш мақсадида ЮНЕСКО Бош конференциясининг Қарорига асосан 2000 йилдан бошлаб 21 февраль – “Халқаро она тили куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. ЮНЕСКОнинг маълумотларига кўра, дунёда мавжуд бўлган қарийб 7 мингта тилларнинг ярми, яқин муддатлар ичида батамом йўқ бўлиб кетиши мумкин. Ўртача ҳар 14 кунда битта тил йўқолиб кетмоқда. Жаҳонда мавжуд бўлган 96 фоиз тиллардан атиги 4 фоиз инсонлар фойдаланади холос. Тил бизнинг моддий ва маънавий меросимизни соқлаб ривожлантирадиган энг кучли мослама ҳисобланади.

Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар яшамоқда. Давлат ўқув муассасаларида таълим 7 тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ, тожик, қирғиз, туркман, қозоқ) олиб борилади, 12 тилда теле ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилади, матбуотда 10 дан зиёд тилларда газета ва журналлар чоп этилади.

 

Жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида халқаро она тили куни муносабати билан 19 февраль куни “21 февраль – Халқаро она тили куни”га бағишлаб “Тил миллатнинг кўзгуси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

 

Унда мамлакатимизда аккредитация қилинган қатор давлатлар элчихоналарининг раҳбарлари ва ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, юртимизда фаолият олиб бораётган турли маданий марказлар раислари ва фаоллари, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Халқаро она тили кунининг мазмун-моҳиятида ҳар бир халқнинг ўз миллий тафаккури, маънавияти, руҳиятининг ўзагини ташкил этадиган тилга алоҳида муҳаббатнинг белгиси ўз аксини топади. Тадбирнинг асосий мақсади ҳар бир инсоннинг ўз Ватани ва ўз тилига бўлган муҳаббати, унга бўлган эҳтироми, қадрлаш туйғуларини сингдириш.

Қўмита фойесида турли миллат тилларида чоп этилган китоблар кўргазмаси тадбир қатнашчилари диққатига ҳавола этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов тадбирга келган барча қатнашчиларни самимий қутлаб, бундай байрам энг аввало Ўзбекистонда барча миллат вакилларига яратилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлар, ўз тили ва маданиятини ривожланиши учун шароитлар мужассамлиги туфайлидир деб бундай тадбирларини ташкил этишда Қўмита ҳар томонлама ёрдамини аямаслигини таъкидлаб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг ўз она тилида сўзлаши, урф-одатларини сақлаши ва ривожлантириши учун барча қонуний ҳуқуқлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

 

Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси жаноб Захангир Алам йиғилганларга Халқаро она тили байрами 1999 йил 17 ноябрда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган халқаро конференцияда Бангладеш Халқ Республикаси ташаббуси билан жорий этилгани, кейинчалик БМТ Бош Ассамблеясининг 56-сессиясида “Кўп тиллилик” резолюцияси билан мустаҳкамланган ушбу халқаро байрам нишонланиши ҳақида сўзлаб берди.

 

 

Сўнг меҳмонлар диққатига Миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган концерт дастури ҳавола этилди. Унда ўзбек, озарбайжон, бошқирд, рус, украин, поляк ва бошқа тилларда шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.

Ҳақли савол туғилади: нега она тилларга бунчалик эътибор қаратилади? Чунки тиллар инсоният ижодиётини унинг барча хилма-хиллигини ифода этади. Тиллар ўзаро мулоқот, тушуниш ва фикрлаш воситаси сифатида ўтмиш, бугунги кун ва келажак ўртасидаги боғлиқликни акс эттиради.