2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида тожик илига давлат мақоми берилган кунга бағишланган “Тил – миллат кўзгуси” деб номланган адабий кеча бўлиб ўтди.

Унда юртимизда ўзбек ва тожик тилларида ижод қилаётган таниқли ёзувчилар, дипломатик корпус вакиллари, олий таълим ўқитувчилари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбеклар билан умумий этник илдизга эга 1,5 миллиондан ортиқ тожиклар яшайди. 247 тожик мактабида тожик тилида таълим берилади. Бу икки халқнинг маданиятлари, турмуш тарзлари, урфодатлари ва халқ санъати — барчаси жуда яқин, айрим ҳолларда эса, уларни умуман ажратиб бўлмайди. Иккала халқнинг ибтидоий, қадимги ва аксарият ҳолларда ўрта асрларга оид тарихи ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

 

Тадбирда тилшунос олимлар ўз маърузаларида тожик тилининг бой имкониятлари, тилни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактаб эканлиги ҳамда ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил — она тили билдириб туриши ҳақида сўз юритдилар.

 

Республика тожик маданий маркази раиси ўринбосари Гуландон Субхонова жумладан шундай дейди: “Бугун жуда катта тантана, тожик тилига давлат мақоми берилган сана. Албатта ҳар бир давлатнинг, ҳар бир миллатнинг асосий кўзгуси — бу тилидир. Миллатларнинг тили орқали биз уларнинг маданияти, тарихи, урф-одатлари, ҳаёт яшаш шароитларини билиб оламиз. Ўзбекистонда тожик тили байрамининг нишонланиши катта аҳамиятга эга. Бу икки дўст мамлакатнинг бир-бирига бўлган яхши муносабатининг исботидир. Ҳаммамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев энг биринчи навбатда қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратганлар ва бугунги тадбиримиз бунинг исботидир. Қардошлик, биродарлик, бағрикенглик республикамиз халқи онги, шуурига сингиб кетган. Кўпмиллатли халқлар қатори тожик миллатига мансуб фуқароларимиз учун ҳам катта шароитлар яратилган, ҳусусан мактаблар, ўқувчилар учун дарстлик китоблари, қолаверса Самарқанд ва Бухорода олий ўқув юртларида тожик филологияларининг мавжудлиги, улуғ аждодлар, уламолар ҳаётига бағишланган тадбирларнинг ўтказилиши Ўзбекистонда барча миллатлар қатори тожик миллати вакиллари учун ҳам кенг эътибор кўрсатилаётганини билдиради”.

 

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Содиқ Имоми: “Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча тожикзабон биродарларимизни байрам билан самимий табриклайман. Тожик тили шеърият ва дўстлик тили. Тарихдан шундай бўлиб келган. Бугунги кунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кўп ислоҳотларни йўлга қўймоқдалар ва бу қўшни давлатлар ҳалқларининг дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай байрамлар Ўзбекистондаги яшаётган барча тожик фуқаролари учун катта бахт ва ифтихор. Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги абадий бўлишига ишонаман”.

Тадбирда тожик ва ўзбек тилларида шеърлар ўқилди, хофизлар тақдим этган куй ва қўшиқлар кечага байрамона кайфият бахш этди.