2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ТИНЧЛИГИМИЗ – ЮРТИМИЗ РАВНАҚИ

Давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратишдан, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат. Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ўз-ўзидан вужудга келадиган ҳодисалар эмас, балки у давлат томонидан олиб бориладиган миллий сиёсатнинг ҳосиласидир.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида имзолаган қарори юртимизда олиб борилаётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик борасидаги саъй-ҳаракатларнинг навбатдаги ёрқин ифодасидир.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши, биз яшаётган бугунги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.

Охирги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Бунинг натижасида янги Ўзбекистон шакллана бошлади.

Муҳтарам Президентимизнинг бугунги мураккаб шароитда янгиланаётган Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар ўзининг яққол  аксини топгани билан характерлидир.

Дунёнинг айрим минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик, муросасизлик кучаяётган ҳозирги мураккаб вазиятда юртимизда турли миллат ҳамда динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир. Бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар тинчлик ҳамда осойишталигимиз, порлоқ истиқболимиз кафолати бўлиб хизмат қилаяпти. Буни албатта ёшларимиз онгига сингдиришимиз, уларни Ватанига, ўз миллатига ҳурмат ва муҳаббат руҳида тарбиялашимиз керак.

Президентимиз бошчилигида кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, Янги Ўзбекистон концепцияси, юртимизда йилдан йилга обод бўлиб равнақ топаётган шаҳарлар, туманлар, вилоятлар, халқимиз турмуш даражасининг ортиб бораётганлиги, қанчадан қанча инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга ошаётганлиги, ва ниҳоят тадбир жоиз бўлса, ўзининг тинмас хатти-ҳаракати, жўшқин иш фаолияти, ишбилармонлиги, узоқни кўра билиши ва доно халқчил сиёсати орқали ҳам исботлаб берди. Албатта Республикамизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат Президентимизнинг миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаб келишади ва мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишади. Улар республика, вилоят ва худудларда ўтказиладиган анъанавий «Ўзбекистон – умумий уйимиз» маданият ва санъат фестивалида фаол қатнашиб, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Президентимиз томонидан кўтарилган долзарб масалалар қаторида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш вазифасига ҳам алоҳида урғу берилгани бизнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитамиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Қўмитамиз Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик юбилейига мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга ўзининг муносиб меҳнати билан жавоб қайтаради, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказади ва юртимизда ҳукм сураётган осуда ҳаётни асраб-авайлашга барча имкониятларини сафарбар қилади деб ишонтираман.

Мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларимизнинг боиси ана шу аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликдир.

Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатлик абадий бўлсин!

 

Миллатлараро муносабатлар ва

хорижий мамлакатлар билан

дўстлик алоқалари қўмитаси раиси

Р.Курбанов