2020 йил glavnaya

Токиода япон фотомухбирининг Ўзбекистон ҳақидаги фотокўргазмаси очилди

Токио шаҳрининг марказий галереяларидан бирида япониялик фотожурналист Хироко Хиротанинг Ўзбекистон ҳақидаги шахсий фотокўргазмаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Япониялик фотожурналист Хироко Хиротан мамлакатимизга бир неча бор саёҳат қилган. Хусусан, 2019 йил сентябрь ойида у Япониянинг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Токиодаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилган медиа-турда қатнашган.

Кўргазмада Хироконинг Ўзбекистон ҳақидаги 50 дан ортиқ фотосурати намойиш этилмоқда. Уларда кундалик ҳаёт, маданият, қадимий меъморчилик ёдгорликлари, миллий таомлар  ва одамларнинг кундалик ҳаёти тасвирланган.

Ўзбекистонга қилган сафари бўйича Х.Хироко «Серқуёш» номли фотоальбомини ҳам нашр этди.

— Бугунги кунда Ўзбекистон япон сайёҳлари учун энг оммабоп йўналишлардан бири ҳисобланади, — деди Х.Хироко. — Ўтган йилнинг сентябрь ойида медиа-тур доирасида Ўзбекистонга ташриф буюриш имкониятига эга бўлдим. Шу муносабат билан мен унинг ташкилотчиларига гўзал мамлакатни кўриш ва Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари — Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Хивада суратга олиш имконияти учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Саёҳат давомида ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, самимийлиги ва меҳмондўстлиги мени ҳайратга солди. Ушбу кўргазмани ташкил этишдан мақсадим ҳам ватандошларимга Ўзбекистоннинг барча гўзалликлари ва бой меросини етказишдир. Кўргазма ташриф буюрувчиларнинг мамлакатингизга бўлган қизиқишини оширишини, япон сайёҳларининг Ўзбекистонга оқимини кўпайтиришига хизмат қилишини  истардим.

—Ушбу фотокўргазмага келганимдан жуда хурсандман. Менга қадимий ва ажойиб меъморчилик обидалари, меҳмондўст ва хушчақчақ ўзбек халқининг бой ва ўзига хос маданиятни акс эттирувчи суратлар жуда ёқди, — деди кўргазма меҳмонларидан бири Юко Ивасаки. —Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият яхшиланганидан кейин мен хорижга биринчи саёҳатимни Ўзбекистондан бошлашни режалаштириб қўйдим.

Фотокўргазма жорий йилнинг 14 ноябригача давом этади.