Мамлакатимиз ҳукумати делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Токио шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Япония Бош вазири ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширилган ва икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки берган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган икки томонлама келишувларни ҳаётга тадбиқ этишга содиқлик билдирилди, шу йўналишда биргаликда олиб борилган ишлар натижаси кўриб чиқилди.


Илғор япон технологиялари билан синергияда бўлган Ўзбекистоннинг иқтисодий имконияти ўзаро манфаатли инвестициявий шерикликнинг ишончли пойдевори экани таъкидланди. Муваффақиятли ҳамкорлик намунаси сифатида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган “Мева-сабзавот соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа биринчи босқичининг жорий этилиши агросаноат соҳасида 492та инвестициявий лойиҳани амалга оширишни молиявий қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида 11 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди.


Шу муносабат билан томонлар ушбу лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик механизмини келишиб олдилар, шунингдек, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ва инфратузилмавий ривожланиш каби устувор йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболини эътироф этдилар.
Япония ҳукуматига пандемияга қарши курашиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистонга кўрсатилган молиявий-гуманитар ёрдам учун миннатдорлик билдирилди.

Учрашув якунида Япония Бош вазири ўринбосари Таро Асога Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қўшган беқиёс ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ тақдирланган “Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Юксак давлат мукофотини қабул қилар экан, Таро Асо ўз фаолиятини юқори баҳолагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди ва икки мамлакат ўртасидаги шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш йўлида содиқлигини изҳор этди.
ЎзА