Тошкент аэропортида «Ҳизб ут-Таҳрир» таъсиридаги 25 ёшли қашқадарёлик йигит ушланди. У Россияда ишлаш давомида ушбу ташкилот таъсирига тушиб қолгани, Ўзбекистонга қайтгач, ёнидаги телефонида тақиқланган материаллар ҳам бўлгани айтилмоқда. Йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва унга 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда.
ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси, Тошкент шаҳри аэропортларида ХТБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-суриштирувлар давомида террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолган шахс аниқланди. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 18 февраль куни 1996 йилда туғилган қашқадарёлик Х.Р. «Новосибирск-Тошкент» йўналишида учиб келган.
У билан олиб борилган тезкор профилактик суҳбатга кўра, гумондор Россияда ишлаши давомида «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилотининг таъсирига тушган. Йигитга тегишли Vertex ҳамда Redmi русумидаги телефонлар текширувдан ўтказилган ва уларнинг хотирасида диний мазмундаги тақиқланган материаллар сақлангани ҳамда ўзига яқин бўлган танишларига тарқатилгани аниқланган.
Текшириб кўришлик мақсадида унга тегишли бўлган уяли телефон аппаратлари холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Унинг айби суд орқали тўлиқ исботланган тақдирда, унга 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.