Bosh-sahifa-kir

Тошкент давлат шарқшунослик институтида «Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 26 йиллиги» мавзуидаги тадбир ўтказилди

2018 йилнинг 24 декабрь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида «Ўзбекистон – Афғонистон» дўстлик жамиятининг навбатдаги йиғилиши доирасида «Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 26 йиллиги» мавзуидаги тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг ректори, «Ўзбекистон – Афғонистон» дўстлик жамияти раиси, ф.ф.д., профессор А. Маннонов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И. Иргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобуддин Темурий, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси раиси ўринбосари К. Ишанходжаев, «Ўзбекистон – Афғонистон» дўстлик жамияти аъзолари, институтнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

 

Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини азал-азалдан ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб туради, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг илдизлари қадим ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, Расмий Тошкент Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмак беришда тинчликсевар лойиҳаларни амалга ошириш, қўшни давлатнинг узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган иқтисодиётини тиклашда иштирок этиш орқали ўз қатъиятини намойиш қилиб келмоқда.

 

Ҳозирда Термиз шаҳрида махсус ташкил этилган Афғон фуқароларига таълим бериш марказида юздан ортиқ афғон талабалар таҳсил олмоқда. Икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантиришга қаратилган бир неча йирик иқтисодий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда афғон томони иштирокида 70 та корхона, шу жумладан, 100 фоиз хорижий капитал эвазига ташкил этилган 20 та корхона фаолият юритаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

 

Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик институти доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Р. Рашидовнинг «Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги куни ва истиқболлари» ҳамда институтнинг «Жаҳон сиёсати ва халқаро муносабатлар» кафедраси ўқитувчиси, ёш тадқиқотчи С. Бўроновнинг «Ўзбекистонда бугунги кунда афғоншунослик йўналишида олиб борилаётган ишлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзуидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари юзасидан И. Иргашев, Сайид Шаҳобуддин Темурий, А. Маннонов ва К. Ишанходжаевлар ҳам сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги тинчликпарварлик тамойиллари ҳамда ўзаро қўшничилик ва дўстлик муносабатлари асосида қурилган ўзаро ҳамкорликнинг тарихий илдизлари, ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритдилар.

 

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан афғон муаммосини ҳал этиш, минтақада ва қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилгани ва бу борада аниқ таклифлар бергани, 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафеълигида ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияда Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилиши йўлидаги ташаббусларни илгари сургани таъкидланди. Шу билан бир қаторда, 2018 йилнинг 26-27 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент халқаро конференциясининг ўказилиши халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланганлини қайд этилди.

 

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг, тадбир иштирокчилари Тошкент давлат шарқшунослик институтининг афғон йўналиши талабалари томонидан тайёрланган чиқишлар, афғон шоирларининг пашту ва дарий тилларидаги ҳамда ўзбек тилига таржима қилинган шеърларидан баҳраманд бўлишди. Шунингдек, тадбир давомида «Сиз Афғонистонни биласизми?» викторинаси ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.