2021 йил Bosh-sahifa-kir Тадбирлар Янги Ўзбекистон

Тошкент шаҳридаги Наврўз боғида “Бағрикенг янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” мавзусида дўстлик фестивали ўтказилди

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Пойтахимиздаги Наврўз боғида “Бағрикенг янги Ўзбекистонда  эркин ва фаровон яшайлик” мавзусида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Пойтахтимизнинг Шайҳонтоҳур, Учтепа, Яшнообод ва Бектемир тумани ҳокимликлари билан ҳамкорликда дўстлик фестивали ташкил этилди.

Тадбирда Қўмита раҳбарияти ва мутасадди ходимлари, Шайҳонтоҳур, Учтепа, Яшнообод ва Бектемир ҳокимликлари мутасаддилари, тожик, қозоқ, туркман, рус, арман, уйғур, корейс, татар, қрим-татар, бошқирд, дунган, арман ва яҳудий миллий маданий марказлари раҳбарлари ва фаоллари, Республикада фаолият олиб бораётган ҳудудий секторлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, узоқ йиллар давомида юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Миллий маданий марказлар томонидан ташкил қилинган миллий ҳунармандчилик асарлари, миллий таомлари ва либослари кўргазмалари байрамга ташриф буюрган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевлар сўзга чиқиб уч авлод учрашуви мазмун-моҳияти, катта авлод вакилларининг босиб ўтган йўли ёшларга доимо ибрат бўлиши зарурлигини тилга олдилар. Давлатимиз раҳбарининг пухта ўйланган оқилона сиёсати натижасида кўпмиллатли халқимизнинг бирлиги ва жипслиги янада кучайиб, юртимизда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатларига ҳурмат ва эътибор ошаётгани мамнуният билан қайта-қайта таъкидлашди. Улар томонидан барча тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик изҳор қилинди.

Тадбир давомида сўзга чиққан кекса авлод фаол вакиллари ўрта ва ёш авлодга ўзлари ишлаб ўтган давр муҳити, қийинчиликлари, шароитлари ҳақида гапириб, Янги Ўзбекистонимизда ишлаш, тадбиркорлик қилиш, ўқиш истагидаги ҳар бир инсонга яратилаётган имкониятларга ҳавас қилишлари, ушбу имкониятлар қадрига етиш ва улардан унумли фойдаланиш зарурлиги ҳақида гапирдилар.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокими:Ўзбекистон тарихида гўзал Тошкент шаҳримизнинг қиёфаси кундан-кунга ўзгариб бораяпти. Халқимиз фаровонлиги йўлида ташкил қилинаётган бу каби тадбирлар кўп миллатли пойтахтимиз ва вилоятларимизда ўзаро аҳил, тотув яшашлик, ўзаро қадриятларни ҳурмат қилган ҳолда бир-бирлари билан иззат, икромда яшашга замин яратади. Шунингдек ёшларимизнинг фахрийларимизга ўрнак бўладиган интилишлари, уларнинг келажакка дадил қадам билан кириб боришлари учун катта аҳамият касб этади”.

Тадбир жараёнида бўлиб ўтган суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.

Сергей Миронов, Ўзбекистон рус маданият маркази раиси ўзининг интервьюсида жумладан шундай деди: “Бизнинг рус миллий маданий марказимиз Ўзбекистондаги катта гулдастанинг бир гули. Бу ерга йиғилган халқимиз вакилларининг юзларига назар ташласак уларнинг нигоҳида чинакам байрамона шукуҳни кўрамиз. Албатта, бугунги кундаги карантин, пандемия шароитни тушунамиз, шунга қарамай айни чекловларни ҳисобга олган ҳолда, биз бу каби тадбирларда одатдагидек қатнашишга ҳаракат қиляпмиз. Менимча, бу ердаги ҳар бир инсон ажойиб кайфиятда. Рус маданият маркази миллатлараро муносабатлар қўмитаси ва бошқа тузилмалар томонидан ўтказиладиган тадбирларда доимо фаол иштирок этади. Биз бундай тадбирларни бардавом бўлишини истаймиз”.

Боғнинг марказий майдонида таниқли санъаткорлар томонидан гўзал куй-қўшиқлар янгради. Шунинингдек Ўзбекистон тожик, туркман, рус, уйғур, корейс, татар, қрим-татар, бошқирд, миллий маданий марказлари фаоллари ва ҳаваскор гуруҳлари ҳамда лўлилар фольклор гуруҳи вакиллари томонидан янграган куй-қўшиқлар, рақслар ва лапарлар йиғилганларга байрам шукуҳини ҳадя этди.