2019 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар Лойиҳалар Тадбирлар

Тошкент – Туркистон йўналишида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда

Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда қозоғистонлик меҳмонлар, мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар раҳбарлари, депутатлар, жамоат бирлашмалари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Қозоғистон халқ ассамблеяси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар турли соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Мазкур тадбир ҳам икки мамлакат ўртасида фаол ижтимоий-маданий мулоқотни давом эттириш, ҳамкорликда маданий ва ижодий тадбирларни ишлаб чиқиш учун қулай мулоқот майдонини яратишга хизмат қилади. Унда таълим ва сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда маданий-гуманитар муносабатларни янада фаоллаштириш, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
– Миллатлараро тотувлик мамлакатларнинг ёрқин келажаги ва ривожида муҳим ўрин тутади, – деди Қозоғистондаги ўзбек этномаданий маркази раҳбари Абдулла Исматуллаев. – Икки мамлакат халқларининг борди-келди муносабатларига қулайлик яратиш мақсадида Тошкент–Туркистон йўналишида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилаётганини эшитиб, мамнун бўлдик. Бу йил Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг кенг нишонланиши маданият, ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.
Тадбирда айтилишича, 2018-2019 ўқув йилида ўзбекистонлик 12 минг нафар ўғил-қиз Қозоғистон олий-ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган, шундан 5 минг нафари қозоқ миллатига мансуб ёшлардир. Бундан кўриниб турибдики, икки мамлакат таълим тизимидаги ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган, маданий-гуманитар алоқалар бардавом ривожланмоқда.

 

Дилобар Маматова, ЎзА