Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ айни пайтга қадар келинган асосий хулосалардан бири бу – ҳамжиҳатлик!
Маълумки, тождор вирус сабаб дунёнинг аксарият давлатлари, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам карантин ҳолати давом этмоқда. Оммавий ахборот воситаларидаги пандемия билан боғлиқ хабарлар шундан далолат бермоқдаки, карантин билан боғлиқ қатор тартиб ва чекловлар дунё халқларига уларнинг турмуш тарзи, маданияти ва маънавиятидан келиб чиқиб, турлича таъсир кўрсатмоқда. Қаердаки белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик бўлса, ўша ерда ижобий натижалар кўзга ташланмоқда.
Бу офатни ўзаро меҳр-оқибат, хайр-саховат, ҳамжиҳатлик каби инсоний фазилатлар қон-қонимизга сингиб халқимиз ҳам, аввало карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўзаро ҳамжиҳатлик билан жиловламоқда.
Бу борада Президентимиз ташаббуси билан эпидемиологик вазиятни яхшилаш, айниқса, бугунги синовли кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказининг ташкил этилиши нафақат халқимизга хос қадриятлар белгиси, балки юртимизда инсон қадр-қиммати энг олий қадрият эканлигидан далолатдир.
Айни пайтда ушбу марказлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизга беминнат ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятидаги марказга айни пайтга қадар аҳолидан 3 минг 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 3 минг нафарига 450 миллион сўмликдан ортиқ 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, вилоятда аҳоли мурожаатларидан ташқари, 15 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга 2 миллиард 155 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Вилоятда бу борада қилинаётган ишлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин, шу қисқагина рақамлар кўп нарсадан далолат бериб турибди. Хулоса шуки, ушбу синовни ўзаро ҳамжиҳат юртдошларимиз билан албатта, енгиб ўтамиз.
Жамшид АКБАРОВ, ЎзА