Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, Туркманистон Республикасида эълон қилинган амнистия актига асосан, қўшни давлатнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган 61 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари озодликка чиқарилди.
Озодликка чиққан фуқароларимиз Олот Божхона пости орқали юртимизга қайтарилди. Уларнинг 59 нафари эркак ва 2 нафари аёллардир. 1 нафардан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидан, 2 нафари Бухоро, 3 нафари Тошкент, 5 нафари Қашқадарё, 25 нафари Хоразм вилояти ва 24 нафари Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқаролардир.

Озодликка чиққан фуқароларимиз карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда Бухоро вилояти Олот туманидаги Божхона чегара пости орқали Республика ҳудудига киритилди. Шунингдек, озод этилган фуқаролар Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган 14 кунлик махсус карантин сақлаш жойига жойлаштирилди.
Улар орасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қидирувда бўлган 5 нафар шахснинг 3 нафари Хоразм вилояти ва 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшовчилар. 2 нафар шахслар махсус конвой автомашинаси орқали яшаш жойи – Қорақалпоғистон Республикасига жўнатилди.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА