2020 год glavnaya Популярные новости

Турли миллат вакиллари юртимизга қандай сабаблар билан келиб қолганликлари тарихига назар

Инсониятнинг онгли яшаш тарзи, кишилик жамияти шаклланиб, муҳим этник жараёнлар вужудга келди.

Қадимги Шарқ, шарқий ва ғарбий Эрон, эллада ҳинд, туркий ва Хитой маданиятларининг ўзаро таъсири фаол кечди. Буюк Ипак йўли воситасида турли мамлакатлараро савдо алоқалари кенг кўламда олиб борилди, дипломатик шартномалар ва ҳарбий уюшмалар тузилди.

Бу йўлнинг тарихи милоддан аввалги II асрнинг иккинчи ярмига Хитой дипломати ва сайёҳи Чжан-Цзян Ўрта Осиё мамлакатларини хитойликлар учун илк бор кашф этган даврга бориб тақалади.

Айни мана шу йўл воситасида аввал номаълум бўлган ерларга олиб борувчи икки буюк оқим гўё бир-бири билан туташгандек бўлди.

Булардан бири Ғарбдан, Ўрта денгиз мамлакатларидан Ўрта Осиёга олиб борувчи йўллар эди. Ғарбдан Шарққа томон Месопатамия текислигидан Ҳинд водийсигача ва шимолдан жанубга томон Ўрта Осиё даштларидан Араб денгизигача ястанган кенг минтақадаги бир-биридан жуда олис бўлган маданиятлар ҳамда цивилизацияларни ўзаро боғлаган, қориштириб бойитган қуруқликдаги ва денгиз йўллари тизими шу тариқа юзага келган.

Дунёдаги энг қадимий цивилизациялардан бири мана шу минтақада пайдо бўлган. Жаҳон маданиятини ривожлантиришда ёрқин из қолдирган, қадимий Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон ҳудудида улуғвор меьморий обидаларга бой тарихга эга бўлган Бухоро, Самарқанд, Хива каби дурдона шаҳарлар айнан мана шу заминда бунёд этилган.

Олис асрлар оша ортга қараб, ҳозирги Ўзбекистоннинг этник таркиби шаклланиши тарихига назар ташласак, унинг кўп миллатлилигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

1897 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида 70 га яқин, 1989 йилги аҳоли рўйхати маълумотларига кўра эса 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилган.

Бугунги кунда республика аҳолисининг қарийб 80% ўзбеклар, 20% ортиқроғини қорақалпоқлар, тожиклар, руслар, қозоқлар, татарлар, қирғизлар, корейслар, туркманлар ва бошқа миллат ҳамда элат вакиллари ташкил қилади.

Агар урф-одатлари, анъаналари, тили ўхшаш бўлган қирғиз, қозоқ, тожик, туркманлар азал-азалдан ўзбеклар билан ёнма-ён яшаб келган бўлсалар, бошқа миллат вакиллари турли ижтимоий-сиёсий жараёнлар оқибатида бу диёрда ўтроқ бўлиб қолишган.

Масалан, Биринчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудида Польша ва Болтиқбўйи минтақасидан келган қочоқлар пайдо бўлди. 1917 йилдаги октябрь тўнтаришидан кейинги даврда эса Ўзбекистон халқ хўжалигини ривожлантириш баҳонасида собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан ҳар йили юзлаб мутахассислар юборилар, улар янги жойда доимий яшаб қолардилар.

ХХ асрнинг 30-40 йилларидаги депортация оқибатида минглаб корейслар, қрим-татарлар, греклар, месхети турклар, курдлар, балқорлар, чеченлар, ингушлар, қалмиқлар Ўзбекистонга кўчирилди. Уруш йилларида Ўзбекистон фронт олди ҳудудидан эвакуация қилинган 1 млн.дан ортиқ кишини қабул қилди, уларга ёрдам, меҳр-мурувват кўрсатди. 1966 йилда Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатиш учун собиқ шўро давлатининг турли бурчакларидан келганларнинг ҳам аксарияти республикамизда доимий яшаб қолди.

Юқорида 19 аср охиридан 20 аср бошларигача юртимизда турли миллат вакилларининг қандай сабаблар билан келиб қолганликларини ёритишга ҳаракат қилдим. Бироқ, тарихий маълумотларда ёзилишича эрамиздан олдинги 6 асрдаёқ Ўрта Осиёдаги бошқа миллат вакиллари яшаганлиги аниқланган.

Эрамиздан олдингиIV асрда Александр Македонскийнинг юриши натижасида бир неча минг эленлар (греклар) юртимизга келиб қолган, кейинчалик ўтроқ холда яшай бошлаганлар.

Қуйида Ўзбекистонда яшовчи этнослар тарихидан, шунга ўхшаш фактларга асосланган ҳолда кўпгина мисоллар келтирмоқчимиз.

Тарихий манбаларга асосланиб тайёрланган бу маълумотларда эрамиздан олдинги IV асрдан, то XIX аср охиригача бўлган давр ичида қайси миллат вакиллари юртимизга нима сабабдан келиб қолганликлари ва қайси даврдан бошлаб ўтроқ ҳолда яшай бошлаганликлари қайд қилинган.

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯШОВЧИ ЭТНОСЛАР

Эрамиздан олдинги IV аср – Александр Македонскийнинг Ўрта Осиёга юриши натижасида бир неча минг эленлар (греклар) юртимизга келиб, кейинчалик ўтроқ ҳолда яшай бошлаганлар.

Эрамиздан олдинги II аср – археологик қазилмалар натижасида мана шу даврга оид бўлган қадимги хитойларга тегишли топилмалар, Ўзбекистон ҳудудида аниқланган.

Эрамизнинг I асри – Тахминларга кўра IV асрда Шимолий Кавказда ва Кавказ ортида истиқомат қилган болгарларнинг кўп қисми Ўрта Осиёдан кўчиб боришган.

VI аср – Тарихий манбаларда ёзилишича Кушон давлатида арманлар шаҳрига асос солинган.

VI асрнинг иккинчи ярми – Буюк Ипак Йўли Самарқанддан, Кавказ ва Византиягача Бухоро, Хоразм, ва Каспий денгизининг шимолий қирғоғи бўйлаб ўтувчи Буюк Ипак Йўли йўналиши олинган.

VII аср – Ўрта Осиёда корейслар ҳақидаги дастлабки илк маълумотлар – ҳозирги замон олимларининг тахминича Афросиёб сарой комплексининг монументал композицияларнинг бирида Корея вакили акс эттирилган.

VIII-XII – Озарбайжон савдогарлари Бухоро, Самарқанд, Шош орқали Ўрта Осиё билан савдо алоқаларини ўрнатган.

922 – йил – Араб дипломати Аҳмад ибн Фадлан Орол ва Касбий денгизи ўртасида истиқомат қилувчи турклар, уғузлар ва чеченлардан ташқари яна бошқирдлар ҳам яшашини қайд этган.

986 – йил – Киев Руси князи Владимир томонидан Хоразм ҳукмдорига элчилар жўнатилган.

X аср – Ҳужжатларда Фарғона водийсида яҳудийлик аҳоли пункти бўлган ва у ерда зич яҳудий миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилган.

XIII аср – Ўрта Осиёда илк бор поляк миллати вакилларининг пайдо бўлиши ҳужжатларда қайд қилинган: Ватикан ишлари бўйича Вроцлов монахи Поляк Сирдарё водийси бўйлаб, Орол денгизидан Қозоғистондаги балхаш кўлигача бўлган йўлни босиб ўтган ва маълумотлар ёзиб қолдирилган.

XIV аср – Мовароуннаҳр аҳолиси ва Россиялик татарлар ўртасида мустаҳкам савдо-сотиқ алоқалари ўрнатилган.

XIX аср – Болгарлар Тошкентда, кейинчалик шаҳарликлар томонидан “Болгарские огороды”номи билан аталадиган алоҳида ҳудудда яшай бошлаганлар. Бу ном ва “Болгарка” ибораларини ҳозирги кунда эшитиш мумкин. Бу жой шимолий вокзалнинг орқа томонида жойлашган.

XIX асрнинг 70-80 йиллари – Андижонда илк бора дунғай кўчманчиларининг пайдо бўлиши.

1820 – йил – Бухоро амирлигига А.Ф.Негрининг дипломатик ташрифи вақтида Бухорода 500 дан ортиқ рус миллатига мансуб аҳоли борлиги қайд қилинган.

XIX асрнинг 90-йиллари – ер танқислиги натижасида ўз юртларини ташлаб чиққан кўпгина беларуслар, Самарқанд вилояти, Мирзачўл, Фарғона водийси шунингдек, Самарқанд, Қўқон шаҳарларида қўноқ топишди.

XIX аср охири – Тошкент, Самарқанд ва Фарғона водийси шаҳарларида мингдан ортиқ литваликлар яшаши аниқланган.

“Ижтимоий фикр” маркази томонидан Республика Байналмилал маданий маркази ҳамкорлигида миллий марказлар раислари ва вакиллари ўртасида 1998 йилнинг 14-18 ноябрь кунлари социологик сўров ўтказилди. Унда ўз фаолияти билан 150 мингдан кўпроқ кишини ва йирик миллий гуруҳларни қамраб олган 24 та миллий-маданий марказлар иштирок этган.

Социологик сўров якунлари сўровда қатнашган туп миллатга мансуб бўлмаган вакилларининг 60% дан кўпроғи Ўзбекистонда туғилганлигини кўрсатди. Ундан ташқари, 7.8 % респондентлар ўзларини туп яшовчилар ҳисоблайди. Сабаби улар Ўзбекистонда туғилган кишиларнинг қарийб учинчи авлодидир.

Сўров якунларининг таҳлили Ўзбекистонда туғилганларнинг ота-оналари асосан қайси сабабларга кўра Республикамизга кўчиб келганлигини кўрсатди.

Жавоблар қуйидагича бўлди:

18.1% ўқиш ёки ишга юборилганлар;

11.8% уруш оқибатларида келиб қолганлар;

10.3% иқтисодий сабабларга кўра;

9.0% қатағон қилинган халқлар вакиллари;

5.3% оиласи билан бирлашишга келганлар.

Кўриниб турибдики, сўралганларнинг қарийб ярмини (45.5%) ташкил этувчи кўчманчиларнинг бу категорияси учун Ўзбекистон кўп йиллар давомида собиқ советлар ҳудудида ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг ифодаси , бошпана, иш ва қувғин даҳшатларидан холи макон бўлиб қолди.

Ўзбек миллатига мансуб бўлмаган сўралганлардан 75.5% МДХ да 38.8% эса хорижда ўз қариндошларига эга. Улар билан тегишли равишда 88.6% ва 87.7% алоқа қилишади ёки чегаралар бўлиниши билан қариндош уруғлар ўртасидаги алоқа узилмаган.

Сўров якунлари Ўзбекистонда яшовчи халқлар бошқалардан ажралиб яшашни истамасликлари ва интеграция жараёнларини ривожлантириш зарур деб ҳисоблашларини кўрсатади. Бу ҳақида туб миллатга мансуб бўлмаган респондентлар 61.2% элатлар аро нигоҳларга ижобий, 29.0% никоҳга кирувчиларнинг миллатларга бефарқ қарашидан далолат беради. Фақат 9.6% респондентларгина бир миллатга мансуб одамлар ўртасидаги никоҳни маъқуллайдилар.

Ўзбек миллатига мансуб респондентларнинг 55.3% элатлараро никоҳга ижобий, 38.3% — бефарқ, 6.4% — салбий муносабатда бўлишган.

Натижалардан кўриниб турибдики, никоҳ, оила, болалар тушунчалари миллий тушунчалардан юқорироқ бўлиб, улар республикамиздаги элатлараро муносабатларнинг мутаносиб тарзда ривожланаётганлигини тасдиқлайди.

Муқаддас Каримова,

Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби,

Олий тоифали ўқитувчи