2020 йил glavnaya Мероприятия Янги Ўзбекистон

Қудратимиз аҳилликда

Шодлик кунларида ҳам, мураккаб синовли дамларда ҳам аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр,саховат энг катта бойлик саналган. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилган «Маънавият инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир” номли онлайн анжуманда шу ҳақда сўз борди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг маънавий-маърифий алоқаларини ривожлантиришга бағишланган онлайн конференция кўтаринки руҳда ўтказилди.
 
Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила фарзандларидек истиқомат этмоқда. Уларнинг ҳаётий манфаатлари ва эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратилган. Юртимизда 130 дан ортиқ маданий марказ фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар орқали турли миллатга мансуб ҳамюртларимизнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Қорақалпоғистонда ҳам 10 дан ортиқ миллат вакиллари дўст-аҳил бўлиб мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшмоқда.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, 98 фоиздан зиёд респондентлар юртимизда яшовчи барча миллат ва элат вакиллари Ўзбекистонни ўз уйлари сифатида билиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланганини қайд этган. Жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор наинки юртимиз, балки хорижда ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Фестиваль доирасида мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга оид кўргазмалар, концертлар, «Маънавият фестиваллари», давра суҳбатлари мунтазам ташкил этилади.
Онлайн анжуман бу борадаги эзгу ишларнинг узвий давомидир.Онлайн анжуманда Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республика ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бажарилган ишлар, Оролбўйи ҳудудларида яшовчи миллатлар ва элатларнинг маънавий-маърифий алоқалари, айни муносабатларнинг истиқболи ҳамда ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашларининг фаолияти конференция иштирокчилари ўртасида чуқур таҳлил этилиб, ижобий тажрибалар тарғиб қилинди.
Карантин тартибларига қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил этилган онлайн конференция давомида бугунги кунда мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар фаолиятини яхшилаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. Маданий марказ вакилларининг адабий ва мусиқий чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.