Шу кунларда бутун Ўзбекистон аҳли энг муҳим сана сифатида тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги байрамини нишонлаш арафасида турибди. Ушбу севимли ва улуғ айёмни нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда бўлиб турган ватандошларимиз ҳам ўзгача шукуҳ билан қарши олмоқда.
Ҳамюртларимиз дунёнинг турли бурчакларидан ўз табрикларини йўллашмоқда. Жумладан, Украинадаги Ўзбекистон талабалари иттифоқи фаоллари ҳам ўз видеотабригини йўллади.
Табрик аввалида мамлакатимизнинг мустабид тузум давридан мустақилликка эришган кунларигача ва бугунги ҳуррият замонида барча соҳаларда эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларимиз акс эттирилган.
Хусусан табрикда шундай дейилади:
“Азиз юртдошлар! Осмонимиз мусаффолиги, халқимиз тинчлиги, юртимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги билан барча ватандошларимизни ва юртимиз меҳмонларини биз, Украина давлатида таҳсил олаётган барча ўзбекистонлик талабалар номидан чин қалбимиздан табриклаймиз! Ўзбекистонимиз доимо гуллаб яшнасин! Мустақиллигимиз шодиёналари бардавом бўлсин!”.