Миллатимизнинг виждони бўлган Абдулла Қодирий эса жадидчи маърифатпарварларнинг олдинги сафларида эди. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» каби асарларида Қодирий бобомизнинг юртни чин маънода озод, ҳур, инсонни иллатлардан холи, комил тарзда кўришдек асл орзу-умидлари мужассам.
Зеро, янгиланаётган Ўзбекистон, Учинчи ренессанснинг бошланишига оид ҳаётбахш ғоялар ҳам айнан маърифатпарвар боболаримизнинг эзгу мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.
2019 йилда Жулқунбойнинг қайтадан қад ростлаган уй-музейи ҳам унинг бундан кўп йиллар муқаддам бошига қора кунлар тушган, қаттол тузум зуғуми билан ўз уйидан олиб чиқиб кетилган машъум кунга ҳамоҳанг тарзда очилган эди. Назаримда бунинг ҳам ўзига хос маъноси бордек. Токи, бугунги авлод мустақиллик, ҳуррият қандай машаққатлар эвазига қўлга киритилганини доим ёдида тутмоғи шарт.
Бу мўътабар масканда шунчаки бефарқ юриш мумкин эмасдек. Ҳовлининг ҳар чеккасидан Қодирий бобонинг зийрак, мунгли нигоҳи гўё сизни кузатиб тургандек туюлаверади.
Қодирий асарларига наинки юртимизда, балки жаҳон миқёсидаги эътиборнинг асл сабаби нима? Мустамлака тузумининг, истило зулмининг асл қиёфаси, мақсад-муддаоларини адиб кўра билганида, десам янглиш эмас.
Башоратгўй адиб қайсидир архив манбаларида ўзи ҳақида қуйидаги сўзларни келтирганди: «…бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…».
Ҳа, Абдулла Қодирий китоблари кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ юртимизда. Уни ҳамон ўқирлар ва унутмаслар!