1943 ЙИЛ 18 ФЕВРАЛЬ… ТошМИнинг 1 курс талабасига ҳарбий комиссариятдан махсус хат келди. «Комилжон Зуфаров. 16 ёшда.
Бўлим ходими тошкентлик йигитга зимдан синчиклаб қарагач, урушга юборамиз, тайёрмисан йигит», деди. «Ҳаммомга тушиб олсам бас…» Комилжонинг қисқа жавоби шу бўлди. Жанг майдонларидаги аччиқ хотиралар, изтиробли кунлар ёди, йўқотилган дўсту ёрларининг ҳаёт ва ўлим исканжасида омонат турган мунгли чеҳралари энди Комилжоннинг қалбини бир умр тарк этмайди.
1418 кун давом этган Иккинчи жаҳон урушида 16 минг нафардан ортиқ шифокорлар иштирок этди. Тошкентлик талаба йигит, бўлажак шифокор Комилжон Зуфаровнинг навқирон ёшлик йиллари мана шу совуқ уруш сабаб ўлим чангалида ўтди.
Бугун у шулар ҳақида ўйлар экан, тақдирига узоқ совуқ ўлкаларга бориб, ҳаётнинг машаққатли синовларида тобланишдек қисмат ёзилганига шукроналар келтирди. Гарчанд овозини эшитолмаган бўлса-да, отасининг вокзалда, тумонат одамлар орасидан ўғли томон талпиниб айтган дуолари шу кеча яна қалбини ёритди.
«Шу дуолар мени асради, демак ҳали ишларим бисёр, менинг ҳақиқий фронтим энди бошланади…”
Юртидан узоқда, яқинлари меҳрини қўмсаб, тинчлик-омонлик кунларни соғиниб урушдан ўз уйига эсон–омон қайтаётган йигитнинг қалбида энди янги мақсадлар уйғона бошлади.
Мана уйдан чиқиб кетганига ҳам чамаси 4 йилдан ошибди. Бу кеча отаси билан мириқиб суҳбат қилади, онасини бағрига бошини қўйиб, тўйиб тўйиб нафас олади. Унинг ширин ҳаёлларини поезд пишқириғи тўзғитиб юборди.
Бир ҳафта олдин йўлга чиққан темир вагонлар ва ниҳоят Тошкент вокзалига кириб келди. Комилжон сафдош дўстлари билан қучоқлашиб хайрлашди-ю шинелининг ички чўнтагидаги қўл соатига қаради. Бемаҳалда уйга кириб боришни ўзига эп кўрмади. Бекатда тунаб, уйга азон пайти кириб боришга қарор қилди…
Онасининг ҳар кун бомдодга ўтиришдан олдин кўча эшикни қия қилиб очиб қўядиган яхши одати бор эди. Бугун ҳам болам кириб келар деган ички илинж билан кўча дарвоза томон юрди. Ҳали қўллари эски дарвоза зулфинига етмасидан эшик қаттиқ тақиллаб қолди…
Наҳотки, болам бўлса… Ая эшикни қиялатиб ташқарида турган бўйчан йигитга тикиларкан, кўнглидан ўтказди: “Йўқ… бу менинг Комилжоним эмас…”
– Келинг меҳмон…
– Ойижон мен келдим, бу мен Комилжонман, урушдан қайтдим…
Аскар йигит қўлидаги совға-саломлари, тешиккулча, турли ширинликлар солинган қоғоз халтани ерга қўйиб ўзини онасининг бағрига отди.
«Болам, улғайибсан, ўғлим, ўзингмисан. Соғ-омон бормисан. Етказганига шукр. Адои тамом бўлдим-ку. Урушнинг номи ўчсин-а…»
Онаси адашмаган эди. Комилжонни урушга олиб кетишганида бўй басти 1,5 метрли нимжон талаба йигит эди.
УРУШГА САФАРБАР ЭТИЛГАН 16 ЁШЛИ ТАЛАБА
Ўзбекистондан урушга сафарбар этилган тиббиёт институтининг 16 ёшли талабаси. У 30 мингдан зиёд соғлиқни сақлаш ходимлари сафида 4 йил мардонавор курашди, жасорат кўрсатди. Кавказ орти ўрмонлари, Украина, Молдова жанггоҳларида душман билан юзма-юз келди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Комилжон Зуфаров ҳаётлик чоғида 9 май байрамига алоҳида тайёргарлик кўрар, имкон қадар сафдош, қуролдош дўстларини зиёратига боришни, ўтганларни хотирлаб, улар кўрсатган жасорат, ватан ҳимояси йўлидаги садоқат тўғрисида ёшларга сўзлаб беришни яхши кўрарди.
Руминияда кечган жанглар пайти немислар орқага чекиниб борарди. Улардан қолиб кетган қурол-яроғлар, йўлларда қисмларга ажраб сочилиб ётарди. Уруш пайти эмасми, ҳатто оддий бир тиғли аслаҳа ҳам душмандан ҳимояланиш учун асқатадиган давр эди. Комилжоннинг мактабда олган билимлари шу ерда фойда берди. Тўрт тарафга сочилиб ётган ўқ отар қуролларнинг турли қисмларини сафдош дўстлари ёрдамида бир ерга жамлаб янги қурол ясашди. 1944 йили ҳарбий аэродромда бўлган жанглар пайти худди шу қўлбола қурол-яроғлар қўшин ҳимоясига асқатди. К.Зуфаровнинг ихтирочилик қобилияти маҳсули бўлган янги ўқ отар қуроллари билан бир неча немис самолётларига зарба берилди.
КОМИЛЖОН ЗУФАРОВ ХОТИРАЛАРИДАН
«Жангда 3 маротаба қаттиқ ярадор бўлиб, дарднинг қақшатқич азобини бошимдан кечирганимда тиббиёт соҳасини танлаб адашмаганимни ҳис этдим. Ҳар сафар урушга кирганимда бир ўлиб, бир тирилардим.
Руминияда оёғимдан ўқ еб этигим қонга тўлиб кетди. Бир сафар юзим қаттиқ куйиб, таниб бўлмас даражага келиб қолди. Урушдан 3-гуруҳ ногирони бўлиб уйга, ватанга қайтдим.
Уруш менга сабр билан курашишни, дадил қадам ташлаб, ортга қайтмаслик, меҳрли қалб, шафқатли нигоҳ билан дўстга елка тутишни, ночорга далда бериб, ўрнидан турғазиб қўйишдек олийжанобликни ўргатди. Бирдамлик ва ҳамжиҳатликдан сабоқ берди. Мен урушдан олган ҳаёт илмимни тиббиёт ривожи йўлида сарфлай олганимдан таскин топиб яшадим…
РEЖАЛАРНИ ҲАРАКАТГА КEЛТИРГАН ОЛИМ…
Ҳалигача тиббиёт илми ривожига муносиб ҳисса қўшган ўз соҳасининг таниқли олимлари орасида бир яхши гап юради:
“Агар профессор Абдумалик Ғуломов ТошМИга маданият генини олиб кирган бўлса, Комилжон Зуфаров илмий ёшартириш ва интизом генини олиб кирди».
КУТИЛМАГАН РЕКТОР…
ТошМИга янги ректор тайинлаш зарурати пайдо бўлди. ТошМИнинг Гистология кафедрасида ўриндош лавозимида ишлайдиган ёш докторни эса деярли кўпчилик танимасди.
40 ёшли серғайрат олим, уруш кўрган сабрли инсон, ўлка патологияси ва ядро физикаси институти лабораторияларида билимини чархлаган ёш мутахассиснинг энди бу лавозимда фаолият олиб бориши тушига ҳам кирмаган эди.
ЯДРО ИНСТИТУТИ РАДИАЦИОН ЦИТОЛОГИЯ ЛАБОРАТОРИЯСИ…
1965 ЙИЛ СЕНТЯБРЬ. Ўша пайтдаги ЎЗР.СС вазири ядро физикаси институти лабораториясининг самарали иш услуби, кўпчиликнинг оғзига тушиб улгурган ёш ихтирочи Комилжоннинг ишлари билан танишиш мақсадида раҳбарият олдига ҳам кирмай, тўғри лабораторияга келди.
Шу воқеадан икки кун ўтиб Зуфаровга Марказкомдан қўнғироқ бўлди. Ўша куни ТошМИга янги ректор тайинланди.
Илмнинг қудрати, бирдамлик ва ҳамжиҳатликда эканини ўз фаолияти мисолида исботлаб бера олган Комилжон Зуфаров энг аввало, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган кибр, манманлик ва субутсизлик билан курашди. Муаммолар гирдобида қолаётган тиббиёт илмининг ривожи учун бор куч ғайратини сарфлади.
Янги ректор илмий кенгаш олдига муҳим вазифа ижросини юклади. Ўзбекистонда Гастроэнтрология, жигар хасталиги кўпайиб бораётган эди. Энг катта муаммо мавжуд касалликлар қолдираётган асоратларни аниқлашдаги чигалликларда эди.
Бу эса Гастроэнтирология муаммоларини бартараф этишдаги энг катта тўсиқ ҳисобланар эди. Комилжон Зуфаров тарқоқ кучларни бирлаштириш даври келганлигини сезиб турарди. Бунинг учун ёш олимларни Гастроэнтрология соҳасига қизиқтириш, илмий ишлар мавзусини шу соҳага буриб, турдош касалликларни аниқлашда ҳам янгича ёндашувни қўллаш лозим.
Собиқ Иттифоқнинг ССВ вазири Борис Петровский 80 ёшида ҳам бемалол жарроҳлик амалиётини олиб борадиган қўли енгил доктор, тиббиёт оламида катта ҳурмат ва эътибор қозонган илм кишиси эди. Бир куни Комилжон Зуфаров шу инсоннинг ёнига аниқ таклиф билан киради. Нуфузли идора раҳбари диққатини дадиллик билан Электромикроскопияни биология фани ривожига татбиқ этиш масаласига қарата олади.

Шу ташаббус сабаб 1969 йилда ТОШМИда Ижтимоий фанлар мутахассислари: биолог, физик ва математиклар учун катта имконият эшиклари очилди.
Унинг узоқни кўзлаб, тадбирли режа ва ижодкорлик кайфияти билан бошлаган ишлари сабаб 1966 йили янги 4 қаватли Морфологик бўлим қуриб битказилди. Гистология, Анотомия сингари 8 та ўқув зали ташкил этилди. Қабул имтиҳонларининг иши анча енгиллаштирилди.
К.Зуфаров яратган «Морфологлар мактаби» эндиликда қўшни давлатлар учун ҳам етук мутахассислар етказиб бера бошлади. Шулардан бири тиббиёт фанлари доктори профессор Бахтиёр Ҳидоятов эди.
Бахтиёр Ҳидоятов: – Ўша даврда Тошкент шаҳри морфологларнинг маркази сифатида тан олинди. Мен устозим Комилжон Зуфаров топшириғи билан Морфологларнинг Халқаро конгресси ва съездларида қатнашиб минтақавий илмий анжуманларни ташкил этишда фаоллик кўрсатган бахтли шогирдман. Сира ёдимдан чиқмайди, Тошкентга хориждан илк маротаба микроскоплар олиб келиниб, ҳазм ва сийдик аъзолари бўйича биринчи электромикроскопик атлас чоп этилганида, Москвалик етук мутахассислар ҳайратларини яширолмаган эдилар.
Тошкентдаги тиббиёт шаҳарчаси, ТошМИнинг административ ва морфологик корпуслари дунё тан олган олим, теран тафаккур соҳиби Ўзбек морфологлар мактабининг асосчиси Комилжон ЗУФАРОВ номи билан боғлиқ.
Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
Тошкент тиббиёт академияси
матбуот котиби