Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика Тожик миллий маданий маркази билан ҳамкорликда буюк форс-тожик шоири ва мутафаккири Мавлоно Абдураҳмон Жомий таваллудининг 605 йиллигига бағишланган «Жомий ва Навоий: форс-тожик ва ўзбек илмий-адабий алоқалари» мавзусида илмий конференция бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда миллий ва диний конфессиялар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбек ва тожик халқлари азалдан дўст, биродар, қон-қариндош халқлар саналади. Кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари сафида тожик миллатига мансуб фуқаролар ҳам юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг азалий экани Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий устоз-шогирдлиги, ижодий ҳамкорлиги мисолида ўзининг юксак даражасини намоён этди. Абдураҳмон Жомий гарчи Хуросоннинг Жом қишлоғида туғилган бўлса ҳам, Ҳиротда яшаб, ижод қилганди. Ёш жиҳатидан Жомий Навоийга ота қатори – Навоий туғилганида Жомий 27 ёшда эди.


Жомий ва Навоий ўз даври адабий-маданий, маънавий-маърифий муҳитининг икки буюк устуни эди. Юксак инсоний фазилатлар, меҳр-муҳаббат, одамийлик, самимият, ҳалоллик, садоқат, фидойилик, сўз нафосатини, гўзаллиги ва жозибасини теран ҳис этиш ва буни ўқувчига моҳирона етказа олиш ҳар икки шоир ижодида устувор ўрин эгаллайди. Жомий ва Навоий каби бир-бирининг ижодига таъсир ўтказган замондошлар адабиёт тарихида ноёб ҳодиса ҳисобланади.
Анжуманда Жомий ва Навоий ижодининг ўхшаш ва ўзига хос жиҳатлари, бадиий талқини ҳақида батафсил сўз юритилди. Мутафаккирларимиз ижодидан намуналар ўқилди.
Н.УСМОНОВА, М.АМИН (сурат), ЎзА