2022 йил Bosh-sahifa-kir

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда раҳбарияти ва ходимлари, Касаба уюшма Республика кенгаши вакиллари, миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Қўмита фойесида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси тадбирга келган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Меморандумни имзолашдан кўзланган мақсад – Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда таъсирчан тарғибот ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, тармоқ тизимидаги ташкилотларда бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнаткашларга атрофлича тушунтириш ва бу жараёнларда Қўмита аъзоларини тадбирларга жалб қилиш.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов бугунги кунда юртимизда  миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлар хусусида маълумот берди.

Жумладан, у дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, фуқаролар тотувлиги ва барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Шуҳрат Деҳқонов бугунги кунда юртимизда меҳнат қонунчилиги доирасида улкан имкониятлар яратилиб, бу меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга замин яратаёганини эътироф этди. Шунингдек у Қўмита билан келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланишига умид билдирди.

Қўмита ва Касаба уюшмасида муҳим саналарга бағишланган байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида кўрик-танловлар ташкил этишдан кўзланган.

Меморандум доирасида томонлар Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкиллаштириладиган тадбирларга Миллий маданий марказлар ҳаваскорлик гуруҳларини таклиф этиш, Касаба уюшмалари фаолиятида фаол ходимларни тақдирлаб бориш, ёши улуғ, соғлиги оғир фахрийлар ҳолидан хабар олиш, керакли ижтимоий ҳолатини яхшилаш ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш, маиший, тиббий ва маданий хизматларини ташкил этиш каби ҳамкорликда амалга ошириладиган турли йўналишлардаги ишлар амалга оширилади.

Тадбирнинг бадиий қисмида миллий маданий марказлар ҳаваскор гуруҳлари томонидан концерт дастури иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Турли тилларида ижро этилган қўшиқ ва рақслари йиғилганларга байрамона кайфият бахш этди.

Қўмита матбуот хизмати