Ўзбекистон рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ”Россотрудничество” агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Қўмита раиси Р.Қурбонов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев ва бошқалар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли, ишонч ва ҳурматга асосланган алоқалар қамровини кенгайтиришга оид амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.


”Россотрудничество” – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва халқаро ижтимоий ҳамкорлик масалалари бўйича Федерал агентлик 2008 йилда ташкил этилган. Дунёнинг кўплаб давлатларида ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган ушбу агентлик Россия Федерацияси билан турли давлатлар ўртасида ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш, бунда, айниқса, халқ дипломатиясига эътиборни қаратиш бўйича иш олиб боради. Агентликнинг таълим, ёшлар, илм-фан, илғор технологияларга оид лойиҳалари халқаро миқёсда кенг оммалашган. ”Салом, Россия!”, ”Янги авлод” каби дастурлар Россиянинг диққатга сазовор масканлари билан батафсил танишиш, ўқув-маърифий тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.


– Ўзбекистонда Рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган тантаналар жуда баланд руҳда ўтказилмоқда, – дейди ”Россотрудничество” агентлигининг МДҲ ишлари бўйича бошқармаси бошлиғи Сергей Маленко. – Юртингизда миллий маданият марказларининг кўнгилдагидек иш юритиши учун барча шароит яратилгани, бу заминда турли миллат ва элат вакиллари аҳилликда истиқомат этаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги эзгу интилишлари диққатга сазовор. Тузилмамиз гуманитар соҳада ҳамкорликни янада кенгайтиришни кўзлайди. Бунда асосан халқ дипломатиясига таяниб иш кўриш режалаштирилган. Яқинда биргаликда ”Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз. Унда ҳамкорликдаги иш режаларимиз ўз ифодасини топади.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда ”Россотрудничество” агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу куни миллий маданият марказлари, дўстлик жамиятлари фаолияти бўйича минтақавий конференция ҳам ўтказилди. Ўзбекистон рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатимизга Россия Федерацияси ва яқин хориждан келган делегация вакиллари Самарқанд, Навоий, Фарғона ва Наманган вилоятларига ҳам сафар қилиши кўзда тутилган.
Назокат Усмонова, ЎзА