Жорий йил 23-27 июль кунлари Германиянинг Ниенбург шаҳрида ўтказилган от спортининг конкур йўналиши бўйича «32. Nienburg Reiterfest» турнирида юртдошимиз Бекзод Қурбонов совриндорлар қаторидан жой олди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси манбасига асосланиб.
Баҳслар якунига кўра баландлиги 135 см бўлган тўсиқлардан ўтиш беллашувларида Бекзод 60 нафар спортчи орасида мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. 70 нафар иштирокчи баҳс олиб борган баландлиги 140 сантиметрни ташкил этган йўналишда эса спортчимиз бронза медали билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Бекзод Қурбонов Лас-Вегас (АҚШ)да бўлиб ўтиши керак бўлган «FEI World Cup 2020» мусобақасининг финал босқичига йўлланма олган. Вакилимиз мазкур нуфузли мусобақага тайёргарлик кўриш учун Германияга йўл олган эди. Бироқ коронавирус сабабли у Европа ареналарида ўз иштирокларини вақтинчалик тўхтатган эди. Ҳозирги кунга келиб, мусобақаларнинг қайта бошланганлиги сабабли Б.Қурбонов юртимиз шарафини ҳимоя қилишда давом этмоқда.