Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан биридир.
Мустақиллик йилларида ўзбек тили ҳақиқий сиёсат тилига айланди. Шўро даврида ўзбек сиёсий тили таржима тили эди, холос. Чунки собиқ марказда қабул қилинган барча ҳужжатлар, қилинган маъруза ва чиқишлар, сиёсий аҳамиятга эга ахборотлар зудлик билан таржима қилинарди. Энди эса давлат тилида сиёсат олиб бориляпти. Давлатимиз билан бошқа давлатлар ўртасидаги ҳар қандай ҳужжат уч тилда – бу давлат тилида, у давлат тилида ва бир халқаро тилда имзоланади. Мустақиллик йилларида янги ўзбек дипломатик тили шаклланди ва такомиллашди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейинги 30 йиллик тарихимизни кўздан кечирадиган бўлсак, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.
Ўзбекистонда илк бор нишонланаётган 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни муносабати билан жорий йилнинг 16 октябрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбек тили — миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий конференция бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, Қўмита мутасадди ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Конференциянинг мақсади — ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, давлат тилини ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни жадаллаштиришдан иборат.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев она тили – миллатнинг руҳи эканлигига эътибор қаратиб “она тили ҳам ҳар бир давлатнинг мадҳияси, байроғи ва герби каби мамлакат мустақиллигини белгиловчи мезонлардан биридир. Ўзбекистон Президентининг 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонлаш ҳақидаги Фармонига кўра биз 2020 йилдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб она тили байрамини кенг нишонлаймиз. Шу Фармонда яна ўзбек тили мавқеини кўтариш бўйича кўпгина масалалар кўриб чиқилди, Вазирлар Маҳкамасида давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида Департамент тузилди. Бу Департамент зиммасига Давлат тили мавқеини мустаҳкамлаш, унинг фуқароларимиз ҳаётидаги ўрнини кучайтириш, айниқса барча идоралар ва идоралараро хужжатларни тўлиқ Давлат тилида юритилишини таъминлаш, назорат қилиш масалалари юкланди деди.
Анжуман давомида Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси С.Усенов, Ўзбекистон “Ведергебурт” немис маданият маркази раиси Е.Миронова, Республика Туркман маданий маркази раис ўринбосари Г.Авездурдиева, Республика “Славутич” украин маданий маркази раиси В.Бойко, Ўзбекистон Рус маданий маркази раиси С.Мироновлар ўз маърузаларида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мамлакатда яшаётган бошқа миллат вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини камситмаган ҳолда халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлганини қайд этишди.