2020 йил glavnaya

Ўзбек тилининг нуфузи ва халқаро мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» танлови эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида республика танловини эълон қилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур танловнинг асосий мақсади ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантиришдан иборат.

Танлов:

– Энг яхши бадиий асар (шеърий асар – 30 мисрагача; насрий ҳикоя – ҳажми 3 минг 600 босма белгигача);

– Энг яхши публицистик мақола (очерк, лавҳа – ҳажми 5 минг 400 босма белгигача);

– Ўзбек тилининг хориждаги энг яхши тарғиботи (ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан яратилган хорижда ўзбек тилини тарғиб қилишга қаратилган илмий, бадиий, мусиқий асарлар ҳамда аудио, видео маҳсулотлар);

– Энг яхши ижтимоий роликлар (аудио, видеороликнинг давомийлиги 3 дақиқагача) номинациялари бўйича  ўтказилади.

Ташкилотчиларга кўра, энг намунали, ғоявий-бадиий пишиқ ижодий ишлар муносиб тақдирлаб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Танловга ижодий ишларни қабул қилиш  шу йилнинг 20 сентябрига қадар давом этади.

Танлов юзасидан қўшимча маълумотлар билан www.til.gov.uz, www.manaviyat.uz сайтларида танишиш мумкин.