2021 йил Bosh-sahifa-kir Янги Ўзбекистон

Ўзбек ва тожик халқлари маданияти, турмуш тарзи жуда ўхшашдир

Она диёримизда азалдан турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари аҳилликда истиқомат қилиб келади. Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган диёримиз қадимдан турли маданиятлар ривожига туртки бериб келган, десак муболаға бўлмайди.

Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳити ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди.

Конституциямизнинг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари миллатидан қатъий назар Ўзбекистон халқини ташкил этишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, уларни ривожлантириш учун шароитлар яратилишини кафолатлайди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини самарали юритмоқда.

Ҳозир мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Бош қомусимиз тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг тармоқлари, ижтимоий, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилмоқда.

Юртимизда турли миллат вакиллари каби тожиклар ҳам яшайди. Ўзбек ва тожик халқларининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одати, санъати жуда яқин, уларни ажратиб бўлмайди. Халқларимизнинг тарихи боғлиқдир.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, Республика тожик миллий маданий маркази 2008 йили ташкил қилинган. Бугунги кунда унинг таркибий тузилмасида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Фарғона вилоятларидаги ҳудудий бўлинмалари, Бухорода – «Офтоби Сўғдиён» маркази, 1990 йил Тошкентда ташкил этилган «Ориёно» ҳамда Чирчиқ шаҳридаги «Сўғдиёна» марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Марказда Авестонинг 2700 йиллиги, Шарқнинг буюк олими ва шоири Фирдавсий таваллуд топган кунини нишонлаш, форс-тожик адабиётининг асосчиси Рудакийнинг 1150 йиллик юбилейи, Ибн Сино, Жалолиддин Румий Балхий, Мир Али Ҳамадоний, ёзувчи ва шоир Садриддин Айний ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар кўпчилик диққатини жалб этди. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган Тўхтамиш Тўхтаев, Абдулло Субҳон, Жаъфар Муҳаммад, Файз Муҳаммад, Юнус Имомназар, Муҳаммаджон Шодиев, Асадулло Шукуров каби замонавий муаллифлар билан ижодий учрашувлар ҳам яхши таассуротлар қолдирди.

Марказ аъзолари юртимиз илм-фани, санъатига, спорти, иқтисодиётига фаол ҳисса қўшиб келаётган тожик миллатига мансуб юртдошларимиз номини фахр билан тилга олади.

Марказ томонидан ҳар йили Тожик тили куни, тожик халқининг тарихи ва маданияти бўйича ўзига хос танловлар, шоирлар ва адабиёт аҳли ўртасида мушоира, таниқли рассомларнинг кўргазмалари доимий ташкил этилади.

Бу ерда ўтказилаётган бир қатор тадбирлар, жумладан, Ўзбекистоннинг миллий ва давлат байрамлари, тожикларнинг халқ байрами «Меҳргон» – ҳосил байрами ва бошқалар «Овози тожик», «Овози Самарқанд» каби тожик тилида чоп этиладиган газеталарда ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Рангин камон»,«Ягона оилада» кўрсатувларида кенг ёритилиб борилади.

«Ўзбекистон» нашриёт матбаа ижод уйида Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги тожик мактаблари учун тожик тилида дарсликлар чоп этилади.

Бу таълим муассасалари учун мутахассислар Самарқанд давлат университети филология факультетининг тожик тили бўлимида, яна бир қатор таълим муассасаларида тайёрланади.

Республика тожик миллий маданий марказининг самарали фаолият олиб бораётгани юртимизда турли миллат ва элатларнинг анъана ва қадриятларини, ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликни сақлашдаги эзгу ишларнинг ҳаётий мисолидир.

Назокат Усмонова, ЎзА