2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг “Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилди.

Унга кўра, Ўзбекистон 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинлари ва 2030 йилда XXI ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши мумкин.
Лойиҳада шунингдек, Ўзбекистон спорт делегацияси 2019 йилнинг 28 сентябрь куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгашининг 73-ижроқўм йиғилишида иштирок этгани ҳамда Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Ахмад Ал-Фахад Ал-Сабах ва Осиё Олимпия Кенгаш аъзолари билан бир қатор учрашувлар ўтказгани тўғрисида ахборот берилган.
Мазкур учрашувда Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинлари ва 2030 йилда XXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ижроқўм кун тартибига кўра Тошкентда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича 10 дақиқалик тақдимот ўтказилди.
Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича тақдимотдан сўнг, Ўзбекистонда барча шароитлар, шу жумладан ушбу халқаро мусобақани ўтказиш бўйича зарур спорт инфратузилмасини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни инобатга олиб, Осиё Олимпия Кенгаши Тошкентда ушбу нуфузли тадбирни ўтказишга розилик билдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилда XXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши бўйича тақдим қилинган талабнома қабул қилинди ҳамда 2020-2021 йилларда бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё Олимпия Кенгашининг йиғилишида кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари 43 та хорижий мамлакатдан, камида 9 та спорт туридан 14-17 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилади.
Биринчи ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари 2009 йилда Цингапурда, 2013 йилда Нанкин (Хитой), 2017 йилда Хамбантотада (Шри-Ланка), ўтказилган бўлса, 2021 йилда Шантау (Хитой), 2025 йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон) ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш орқали мамлакатнинг обрўи, бренд сифатида мамлакат тўғрисидаги маълумотлар орқали меҳмонларнинг хабардорлигини ошириш, мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш, нафақат пойтахт, балки мамлакат ҳудудлари қиёфасини яхшилаш натижасида мамлакатнинг ички қиёфасига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати