2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

«Ўзбекистон биздан 40−50 йил илгарилаб кетибди» — Садир Жапаров

Президент Садир Жапаров Қирғизистон сиёсий беқарорлик натижасида завод-фабрикалар қура олмаган бир пайтда Ўзбекистон 40−50 йил олдинга илгарилаб кетганини таъкидлади. У томонларда чегара масаласида жиддий келишмовчиликлар йўқлигини ҳам қайд этиб ўтди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Azattyk радиосига берган интервьюсида ривожланган давлатлар юз йил муқаддам босиб ўтган йўлни Қирғизистон энди босиб ўтаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ривожланган мамлакатлар таълим, маданият соҳалари ва турмуш даражасида анча илгарилаб кетган. Нима учун Қирғизистон бундай мураккаб вазиятга тушиб қолгани ҳақида гапирар экан, Садир Жапаров Ўзбекистондан мисол келтирди.

«Кеча Ўзбекистонга борганимда кўп нарсани сездим, бир томондан уялдим. 30 йилдан бери бир-биримиз билан сиёсатда, митингда юравериб, этик тозалайдиган шётка чиқара олмабмиз, фабрика-завод қура олмабмиз. Ўзбекистон биздан 40−50 йил олдинга ўтиб кетибди, десам адашмайман. Мана шундай шурупдан бошлаб самолётгача чиқарадиган даражагача етишибди», — деди у.

Садир Жапаров, шунингдек, Ўзбекистонга давлат ташрифи ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар натижалари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат раҳбарлари барча чегара масалаларини яқин уч ой ичида ҳал қилишга келишиб олдилар. Унинг таъкидлашича, томонлар ўртасида жиддий келишмовчиликлар мавжуд эмас ва 24−25 март кунлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев зарур ҳужжатларни имзолаш учун қўшни давлатга боради.

«Сўх бўйича биз авиаалоқани, яъни самолётлар қатновини очиб берамиз, дедик. Ундан ташқари, назорат-ўтказиш пунктларини ҳам. Мен интернетда ўқидим, мухолифатчилар, фикри бузиқ одамлар Сўхга коридор берар экан, йўл очиб берар экан, сувини берар экан, деган нотўғри маълумотларни тарқатишибди. Бироқ улар тўғри маълумотлар эмас. Унгар-Тоо бўйича Шавкат Мирзиёев: биз даъвогар бўлмаймиз, сизга тегишли бўлсин, деб очиқ айтди», — деди Садир Жапаров.

Садир Жапаров, шунингдек, томонлар Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭС инвестиция лойиҳасини биргаликдан тайёрлаш тўғрисидаги келишув имзоланганини, қурилиши 3 йил ичида тамомланишини ҳам маълум қилди.

loading