2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон фуқаролари ўзларини ижтимоий хавфсиз ҳис қилмоқда – польшалик мутахассислар

Мамлакатимизнинг Польшадаги дипломатик ваколатхонасида ҳамкор давлат Ички ишлар вазирлиги ва маъмуриятининг Фуқаролик мудофааси бошқармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Польша Атроф-муҳит вазирлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Бухоро ва Сирдарёда юз берган фалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланганидек, ушбу офатлар Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг масъулияти, ҳамжиҳатлик ва ўз ваколатларини синовдан ўтказди. Бу бошпанасини йўқотган аҳолини ўз вақтида хавфсиз жойга кўчириш, таҳдидларнинг олдини олиш, озиқ-овқат ва аҳоли тинчлигини таъминлаш учун куч ва воситаларнинг сафарбар этилишида намоён бўлди.

Польша идоралари вакиллари Ўзбекистон ҳукуматининг Бухоро ва Сирдарё вилоятларида зарар кўрган ҳудудларда ишларни тўғри ташкил қилишдаги аҳамиятини юқори баҳолади. Зеро, ушбу комиссия фаолияти натижасида зудлик билан ҳаётий эҳтиёт чоралари кўрилди, зарур молиявий маблағлар ажратилиб, ҳомийлик маблағлари йиғиш, қурилиш материаллари, тиббий ёрдам ва дори-дармонлар билан таъминлаш ишлари изчил ва мақсадли амалга оширилди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жабрланган оилалар учун янги уй-жойлар қуриш, уларни бепул бериш, ушбу оилаларнинг шу кунга қадар яшаб келган ер майдонларини улар ихтиёрида қолдириш ҳақидаги қарорларини алоҳида эътироф этди.

Польша Ички ишлар вазирлиги вакили Я.Калканинг сўзларига кўра, Президентнинг алоҳида эътибори табиат синови вақтида фуқароларга нисбатан юқори даражадаги инсонийлик, хайрихоҳлик ва меҳр-шафқат ифодаси бўлди. Шу тариқа Ўзбекистон фуқаролари ўзларини ижтимоий хавфсиз ҳис қилмоқда.

Атроф-муҳит вазирлиги вакили А.Соколовский шунга ўхшаш ҳолатларда ҳомийлик фаолиятининг аҳамиятига алоҳида урғу берди.

«Бизга маълумки, ҳозирги кунга қадар инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, фуқаролар ўзларининг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда жабрланганларга озиқ-овқат, чойшаблар, кийим-кечак ва пул маблағларини юбормоқда. Бу замонавий ўзбек жамиятида маҳалланинг тутган ўрнини яна бир бор намоён қилди.

Учрашув давомида польшалик мутахассислар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфини бартараф этишда Ўзбекистон санитария хизматларининг тайёргарлик даражасини юқори баҳолади.

Тадбирда мамлакатларимиз яқин келажакда коронавирус пандемиясини енгиб, соғлиқни сақлаш тизимлари эса пандемиядан замонавий таҳдидларга янада барқарор бўлиб чиқишига ишонч билдирилди.