Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси “Ўзбекистон–Германия” дўстлик жамияти ва Бонндаги “Германия–Ўзбекистон” дўстлик жамияти ташаббуси билан онлайн бадиий давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Германия – Ўзбекистон” дўстлик жамияти президенти Колин Дюркоп тадбир иштирокчиларини Наврўз байрами билан табриклаб, пандемия сабабли жамиятлар фаолиятида ўзгаришлар, ҳамкорликнинг янги қирралари ҳақида фикр билдирди.
Қўмита бўлим бошлиғи З.Абидов Наврўз байрами муносабати билан Германиядан онлайн тарзда иштирок этаётган ватандошларни ҳамда ҳамкорларни янгиланиш ва яшариш байрами билан табриклаб, Наврўз байрамининг таг заминида ўзаро ҳурмат, дўстлик, биродарлик мужасамлигини таъкидлаб ўтди.
З.Абидов мамлакатимизда халқ дипломатиясини ривожлантиришда, яқин ва олис мамлакатларда истиқомат қилаётган, иш фаолиятини олиб бораётган ва таълим олаётган ватандошларимиз ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан алоқалар ўрнатишда, хорижда Ўзбекистонни ҳар томонлама намойиш қилишда Қўмита ва “Ўзбекистон– Германия” дўстлик жамияти Германиядаги ватандошларнинг “Давра”, “Ниҳол” жамиятлари ҳамда Бонндаги “Германия–Ўзбекистон” дўстлик жамияти билан самарали ҳамкорлик алоқаларини олиб бораётганини айтиб ўтди.
Германиянинг Франкфурт шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси бош консули У.Шукуров ҳам онлайн давра суҳбатида иштирок этиб ўзининг самимий тилакларини билдирди. Бош консул У.Шукуров Германиянинг Франкфурт шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси бош консулхонаси доимий равишда ватандошларни қўллаб қувватлаб келиши ва бундан кейин ҳам улар билан самарали ҳамкорлик олиб боришга тайёрлигини билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини халқ дипломатияси воситасида ривожлантириб келаётган ташкилот “Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамияти фаолияти, мақсад ва вазифалари, амалга оширилган халқаро тадбирлари ҳақида Жамият ижрочи директори Ю.Исмаилов батафсил тўхталиб ўтиб, Германиядаги ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Бонндаги “Германия – Ўзбекистон” дўстлик жамияти билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Бонндаги “Германия – Ўзбекистон” дўстлик жамияти ижрочи директори Оксана Тэн тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ва Германия ўртасида халқ дипломатияси соҳасидаги алоқалари йилдан-йилга ривожланиб бораётганлигидан мамнунлигини билдирди.
Онлайн суҳбат давомида томонлар ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари билан узвий боғлиқ ишлар юзасидан олиб борилаётган ҳамкорликка тўхталиб, пандемия шароитида мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда алоқаларни янада юксалтириш билан боғлиқ таклифларни дилдирдилар. Хусусан, Қўмита бўлим бошлиғи З.Абидов германиялик ҳамкорларни жорий йилнинг 30 июль – “халқлар дўстлиги куни” муносабати билан режалаштирилаётган “халқаро дўстлик форуми” га таклиф этди.
Тадбирнинг маданий қисми мусиқий чиқишлар билан давом этди. Германиялик хамкорлар томонидан тайёрланган “Бонн шаҳрида Наврўз байрами”, “Ўзбекистон – Германия” дўстлик жамияти томонидан тайёрланган “Ўзбек хонадонида сумалак тайёрлаш” видеоклиплари, ўзбек эстрада хонандалари томонидан сумалак ва Наврўзга бағишланган қўшиклар иштирокчиларга манзур бўлди.
Онлайн давра суҳбати конструктив руҳда ўтди.