2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборов: Ўзбек ва қирғиз бир дарёдан сув ичган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Президент Садир Жапаровнинг жорий йил 11-12 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келаётгани ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқалари тарихида катта воқеа бўлади.

Ўзбекистон  қирғиз  миллий  маданий  маркази  раиси  Раҳматулла  Жабборов  «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида шу ҳақда ўз фикрларини билдирди.

— Тарихга  назар  соладиган  бўлсак, Ўзбекистон  ва  Қирғизистон  халқлари асли илдизи бир  халқлардир, — деди Р.Жабборов. — Улар  азалдан  ён  қўшни бўлиб яшаб, бир  дарёдан  сув  ичган, бир-бир билан қуда-анда, дўст-биродар бўлган, тўй-томошаси ҳам, бозори ҳам, мозори ҳам бир бўлган. Кўз тегмасин, бугунги кунда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида дўстлик алоқалари барча соҳаларда янада ривож топмоқда. Икки давлат ўртасидаги чегара ўтиш постлари яна фаолият юрита бошлаб, одамларнинг бир-бирига борди-келдиси қайта тикланди. Қисқача  қилиб айтадиган  бўлсак, турли сабабларга кўра қотиб  қолган  музлар  эриди. Бундан,  албатта,  икки  халқ  вакиллари мамнундир.

Ўзбекистонда қарийб 300 минг нафар  қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар, асосан, Тошкент  шаҳри, Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент  вилоятларида яшайди.

Бугун Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё вилоятларидаги бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштирмоқда. Бу марказларда қирғиз маданияти, анъаналари, урф-одатлари ва тилини ривожлантириш  мақсадида халқ оғзаки ижодиёти, миллий  ва жаҳон маданиятининг гавҳари бўлмиш “Манас” достонига катта эътибор қаратилмоқда. Марказ мунтазам равишда маданий тадбирлар, Ўзбекистон  ва  Қирғизистоннинг  таниқли  фан  ва  санъат  арбоблари  билан  учрашувлар, китоб тақдимотларини уюштириб келмоқда.

Марказимиз  ташаббуси  ва фаол иштироки  билан  мамлакатимизда  ҳар  йили қирғиз тили ўқитувчиларининг қирғиз тили фани бўйича танлови ташкил этилади. Шунингдек ўзбек-қирғиз дўстлик кечалари, оқинлар айтишувлари ўтказилади. Ўзбекистон миллий  телерадиокомпаниясида “Айчурек” ва “Ягона  оилада” телелойиҳалари, “Эламан” ва “Минқиял” радиодастурлари, мамлакатимизда яшовчи қирғизларнинг ҳаёти, улар эришаётган ютуқлар ва давлатимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида бошқа махсус кўрсатув ва эшиттирилишлар мунтазам тарзда эфирга узатиб борилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида республикада биринчи бўлиб Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги қирғиз  миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиладиган “Манас” қишлоғи атиги 45 кун ичида қайта таъмирланиб, барча инфратузилмага эга гўзал масканга айлантирилди. Бу ерда маданият саройи қад ростлаб, унинг қошида Ўзбекистон  Республикаси  маданият вазирининг буйруғига биноан “Маржон” қирғиз миллий халқ ҳаваскорлик ансамбли фаолияти йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, 2017 йилда Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар  маҳкамаси  ҳузурида Миллатлараро  муносабатлар  ва  хорижий  мамлакатлар  билан  дўстлик  алоқалари  қўмитаси ташкил этилди. Ушбу қўмита ҳам миллий маданий марказлар фаолиятини янада ривожланишида  катта  аҳамият касб  этмоқда.

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ўтказиладиган ҳар бир байрам тадбирида марказларимиз фаоллари иштирокида қирғиз миллий ўтовлари ўрнатилиб, куй-қўшиқлар янграши халқимизга байрамона кайфият бахш этиб келади. “Оқ-сўйилмак”, “арқон тортди”, “кўкбари” ва бошқа халқ ўйинлари миллий анъанана ва қадриятларни сақлаб келишда алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, миллий ҳунармандчилик буюмлари ва таомлари кўргазмалари ҳам ҳар бир байрамнинг бетакрор безаги бўлиб келади.

Қирғиз маданий маркази биринчилардан бўлиб 1992 йилда Жиззах  вилоятида вилоятлараро қирғиз маданий маркази мақомида тузилган. 1995 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон қирғиз маданий  маркази 2019  йилга  келиб  Ўзбекистон  қирғиз  миллий  маданий маркази, деб қайта номланган. Марказнинг асосий мақсади юртимизда яшаётган қирғиз миллати вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришдан иборат. Юртимизда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакиллари билан биргаликда ҳамжиҳатлик, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни  таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш ҳам бизнинг асосий мақсадларимиздан биридир.

Бу йил олдимизга қўйган режаларимиз катта. Хусусан, Жиззах вилояти Бахмал тумани мактабларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида турли миллат вакиллари, фахрийлар ва ёшлар иштирокида дўстлик фестиваллари ва байрамларини ўтказишни ният қилганмиз. Шунингдек, Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғида Мирзачўлда хизмат кўрсатган фахрийларнинг хотира кечаларини ўтказиш, кам таъминланган оилаларга, уруш қатнашчиларига мурувват ёрдами кўрсатишни режалаштирганмиз. “Маржон” халқ ҳаваскорлик ансамбли жамоасининг 2021-2022  йилларда қўшни Қирғизистонга гастролини уюштириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда  турли  миллат  ва  элат  вакиллари эмин-эркин ҳаёт кечириб келмоқда. Улар учун миллатидан, динидан, ирқидан ва эгаллаб турган мавқеидан  қатъий назар тенг шароит яратилган.

Сўнгги тўрт йил  ичида  Марказий  Осиё  давлатлари  билан  ўзаро  алоқалар юқори даражага кўтарилди. Жумладан, Ўзбекистон билан Қирғизистон  ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг ривож топганини юқори баҳолайман. Бундан, албатта, икки мамлакат халқлари  манфаатдор бўлмоқда. Икки қўшни биродар халқ ўртасидаги борди-келдилар янада фаоллашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Паркент туманида адибнинг хотирасига бағишлаб катта ижодий кеча ўтказилди. Пойтахимиз марказида Чингиз Айтматовга мемориал ёдгорлиги ўрнатилди. Буларнинг ҳаммаси қардош халқ вакилига кўрсатилган эҳтиром, юртимизда миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган сиёсатнинг ёрқин намунасидир. Чингиз Айтматов ўзининг чиқишларидан бирида шундай деган экан: “Мен Қирғизистонимга борсам меҳнат қиламан, Москвага борсам ҳурмат қозонаман, Ўзбекистонга келсам яйраб яшнайман”. Чунки унинг Ўзбекистонда қадрдон дўстлари ва яқинлари кўп бўлган.

Бугунги  кунда  Ўзбекистонда таълим  етти тил, яъни ўзбек, қирғиз, рус, қозоқ, қорақалпоқ, туркман ва тожик тилларида олиб борилмоқда. Қирғиз тилида  56 та  мактаб фаолият юритмоқда. Мактаб ўқувчилари учун дарсликлар “Ўзбекистон”  нашриётида чоп этилиб, таъминланиб келинмоқда. Мамлакат олий билим юртларида ҳам қирғиз  тили  ва  адабиёти  йўналиши кафедралари мавжуд. Андижон давлат педагогика университетида кўп  йиллардан буён қирғиз тили  филологияси  бўлими  ишлаб  турибди.

Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, қирғиз миллатига мансуб ватандошларимизнинг камтарона меҳнати мамлакатимиз раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланиб, юксак давлат мукофотларига муносиб кўрилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг фармонларига биноан, Андижон вилояти  миллий маданий маркази собиқ раиси Қодиржон Маматов, Тошкент вилоятидан журналист Маъмур Бозоралиев, Сирдарё вилояти қирғиз миллий маданий  марказининг собиқ раиси ва марказ фахрийси Абдусалом Жонибеков, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани мактаб директори Умудахон Маматалиева “Дўстлик” ордени, Наманган вилояти қирғиз миллий маданий маркази раиси Маъфиратхон Истамқулова “Меҳнат шуҳрати” ордени, Жиззах вилоятидан меҳнат фаҳрийси Хидир Шукуров “Эл-юрт  ҳурмати” ордени ва Фарғона вилоятидан мактаб ўқитувчиси Нортожи Халибаева “Шуҳрат”  медали  билан  тақдирланган.

Давлат идораларида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган Хидир Шукуров, Раҳматулла Жабборов, фан доктори Маҳбуба Темирова, Рустам Нуриддинов, Абдусалом Жонибеков, Карим Алматов, Баҳром Избосаров, ёш мутахассислар Нормуҳаммад Қўшназаров, Шаҳриддин Жабборов, Миркомил  Қулматов ва бошқалар ҳам турли давлат мукофотларига сазовор бўлганини таъкидлашни истайман.

2019  йилда  Ўзбекистон  Республикаси  Олий  Мажлиси  қуйи  палатаси  депутатлигига бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра Сирдарё  вилояти  қирғиз  миллий  маданий  маркази раиси Нодира Жонибекова илк  маротаба Қонунчилик палатасига депутат бўлиб сайланди.

Республикада истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб фуқаролар бундан кейин ҳам юртимизнинг гуллаб-яшнаши, икки давлат ўртасида турли соҳаларда алоқаларнинг ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишда давом этади.