2021 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари: стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшни мамлакатлар сифатида кўп асрлик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил ва маънавий қадриятларбилан бир-бирига чамбарчас боғланган. Азалдан халқларимиз ўртасидагияхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришдаўзаро ҳамоҳанглик касб этувчи маданий-маънавий қадриятлар ва анъаналар мавжуд.

1993 йил февралда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди.Ҳозирги кунда икки мамлакат қонунчилик базаси 200 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат бўлиб, улардан Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ва Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида стратегик шериклик, дўстлик,  яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг турли даврларига қарамай, мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан кўп асрлик қардошлик ришталарига таянган ҳолда, нафақат ўзаро ҳурмат муҳити сақланиб қолинди, балки яқинда ўзаро ҳамкорлик янги сифат  босқичига кўтарилди.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва ҚирғизистонПрезидентларининг сиёсий иродаси туфайли томонлар кўплаб долзарб масалаларни бартараф этиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ижобий ўсиш суръатига эришди.

Шу қаторда, икки давлат ўртасидаги мунтазам учрашувлар, жумладан БМТ,МДҲ, ШҲТ,ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва қатор халқаро тузилмалардаги иштироки ўзаро муносабатларнинг юқори даражасини намоён этади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг шу йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашуви ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим воқеа бўлди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ, конструктив ва дўстона музокаралар чоғида томонлар икки ёқлама ҳамкорликнинг барча жабҳаларини, жумладан, сув ресурслари ва энергетикадан фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика масалалари бўйича муҳокама ўтказдилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президентлар ўзбек-қирғиз  муносабатларини дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик руҳида мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Шунингдек, икки мамлакатнинг ўзаро  манфаатларини инобатга олган ҳолда, томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришни таъкидладилар. Ушбу ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиянинг ўрни ва аҳамияти қайд этилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, унинг доирасида умумий қиймати 550 миллион долларлик 60 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, биринчи босқичда Қирғизистон тараққиёт жамғармаси маблағи 50 миллион доллар экани маълум қилинган бўлса, кейинчалик ушбу кўрсаткич 200 миллион долларга етди.

Шуни таъкидлашни истардимки, давлатлар раҳбарлари томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш устувор масала сифатида, яқин ойлар ичида якунланиши юзасидан келишиб олинди. Яқин фурсатларда тегишли ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан ушбу келишувлар  ижроси таъминланишига умид билдирамиз.

Умумийҳисобда, музокаралар якунлари бўйича жами 22 та ҳужжат имзоланган бўлса, ундан икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини ўз ичига олган Президентларнинг Қўшма баёноти муҳим ўрин эгаллайди.

Комил ишонч билан айта оламизки, ушбу эришилган келишувлар натижадорлигиЎзбекистон – Қирғизистонҳамкорлигини юқори поғонага кўтаришга туртки беради.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, айни пайтда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликҳолати мавжуд салоҳиятга мос эмас. Тўғри, 2016 йилдан буён ўзаро савдо айланмаси ҳажми 5 баробарга ўсиб, 2020 йил якунига қадар 903 миллион доллардан юқори кўрсаткичга етди. Аммо йилдан-йилга савдо айланмаси ҳажми ошиб бораётгани ва иқтисодий ўзаро таъсир доираси кенгайиб бораётганига қарамай, мамлакатларимиз ушбу соҳада фойдаланиш мумкин бўлган юқори иқтисодий салоҳиятга эга.

Шуни ҳисобга олиб айта оламизки, келгуси йилларда ўзаро савдо айланмаси ҳажми ўсиши кутилаётган аниқ натижадир.

Шу билан бирга, Қирғиз Республикаси раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи чоғида, “Яшнобод” технопарки ҳудудида Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес форуми ва икки мамлакат ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилгани ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Ушбу бизнес форумда томонлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган умумий қиймати қарийб 130 миллион долларлик қатор инвестициявий ва савдо шартномалари имзоланди. Давлатлараро транспорт йўлакларини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли, Тошкент-Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашғар мультимодал йўлагини барпо этиш орқали иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Бугунги кунда маданий-гуманитар алоқалар давлатлар ўртасида ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Шу мақсадда, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида мунтазам равишда маданият кунлари, фестиваллар ва кўплаб маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. 2018 йил юртимизда буюк қирғиз адиби Чингиз Айтмотов таваллудининг 90 йиллик юбелийи кенг миқёсда нишонлангани фикримиз ёрқин тасдиғидир.

Шуни таъкидлаш жоизки, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги музокаралар давомида томонлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган Маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидагишартномани амалга ошириш доирасида қўшма тадбирлар режасини тасдиқлади.

Таълим соҳасидагиўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳам изчил ривожланмоқда. 2017-2020 йилларда Ўзбекистон олийгоҳларида таҳсил олаётган қирғиз ёшлари сафи 14 баравар ошган бўлса, Қирғизистон университетларидаги ўзбек талаба ёшлари сони 7 бараварга кўпайгани қувонарли ҳолдир. Айни пайтда ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эгамиз.Чунончи, келгусида университетлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида шартномалар ва меморандумлар имзоланишига кўмаклашиш зарур.

Пандемия даврида Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун биринчилар қаторида Қирғизистонгабеғараз ёрдам қўлини чўзди. 2020 йил декабрдаушбу тиббий ёрдам ҳисобидан Бишкек, Боткен ва Чуй вилоятларида инфекция билан зарарланган беморлар учун учта модулли шифохона барпо этилди. Бундан ташқари,кўплаб тиббиёт жиҳозлари ва тиббий воситалар ҳам жўнатилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ўзаро манфаатли дўстлик, яхши қўшничилик анъаналарини давом эттирган ҳолда, Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири саналади. Мамлакатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли олдимизга қўйган олижаноб мақсадларга эришиш йўлида жиддий қадамларни бошлади ва бу ўз самараларини бериши аниқ.

 

Рамзиддин Ғуломов,

Марказий Осиё халқаро институти 

етакчи илмий ходим