Тошкент давлат техника университетида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон ва Латвия мамлакатлари ўртасидаги маданий дипломатик муносабатларни мустаҳкамлашда “Ўзбекистон-Латвия дўстлик жамиятининг аҳамияти” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
“Ўзбекистон-Латвия” ва “Ўзбекистон-Литва” дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг Латвиядаги элчихонаси мутасаддилари, болтиқбўйи республикаларида истиқмоат қилаётган ватандошлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Валерий Тян барча тадбир иштирокчиларини юртимизда кенг нишонланаётган Наврўз умумхалқ байрами билан самимий табриклаб, Қўмитанинг хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлари ҳақида гапириб берди.
Онлайн мулоқот давомида ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблиги, улар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ислоҳотларни сифат жиҳатдан яхшилашда уларнинг салоҳиятини жалб этиш, ватандошлар ва меҳнат муҳожирлари энг кўп истиқомат қилаётган ҳудудларда Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги ватандошлар ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидландики, Болтиқбўйи мамлакатлари учун Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги етакчи шериклардан бири бўлиб, муносабатларни ривожлантириш ҳар икки томони учун ҳам устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Алоқаларнинг муваффақиятли бўлишида халқ дипломатиясининг алоҳида ўрни бор. Тадбир давомида Бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказиш дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди
Видеоконференция Дўстона руҳда ўтди ва томонлар келгуси ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш масалаларини биргаликда амалга ошириш бўйича келишиб олишди. Тадбирнинг бадиий қисмида машҳур хонандалар ижросида баҳорий куй ва қўшиқлар ижро этилди.