2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ЎЗБЕКИСТОН ЎҒЛОНЛАРИ-ОРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

2021 йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Республика уйғур миллий маданий маркази билан ҳамкорликда 14 январь – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ўзбекистон ўғлонлари оримиз, ғуруримиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси маъсул ходимлари, миллий маданий марказлар раислари ва уларнинг фаол аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси офицер ва аскарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Тадбир, мамлакатимизда Қуролли кучлар тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, ҳарбий хизматчиларнинг юрт тинчлиги, Ватан равнақи йўлида олиб бораётган эзгу ишларини, мардонавор хизматларини эътироф этиш, улар меҳнати ва ютуқларини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш ҳамда Ватан ҳимоясидек шарафли ишга бел боғлаб, сидқидилдан хизмат қилаётган ҳарбийларни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.

 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмита раиси Рустамбек Курбанов очиб берди.

Таъкидландики, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан минтақамизда очиқлик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган янги сиёсатни амалга ошириш доирасида Қуролли Кучларимиз Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги ҳамкасблари билан яқин шериклик алоқаларини ўрнатди ва мустаҳкамламоқда. Бизнинг тобора кучайиб бораётган бундай ҳамкорлигимиз бугунги кунда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни, Марказий Осиё деб аталмиш умумий уйимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.

 

Тадбирда қайд этилдики, халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан бақувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар миллий армиямиз Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда беқиёс хизмат кўрсатиб келаётганлигини, дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Миллий гвардия офицери подполковник Тожиддин Самадов: “Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб харбий хизматдаман. Охирги 3 йил мобайнида Миллий гвардия қўшинлари ташкил қилиниб, унинг сафига замон талабига жавоб берадиган, ҳар қандай вазифаларни бажара оладиган хизматчилар қабул қилинди. Ҳозирги кунда бир ойлик ватанпарварлик ойлиги давом этмоқда. Шу байрам муносабати билан миллий гвардия бўлинмаларида ёшлар билан учрашувлар, мактаб ва маҳалларларда спорт тадбирлари, оммавий ташкилий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бизлар учун барча имтиёзлар мавжуд. Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминланиши, уларнинг фарзандларига олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар берилгани, оилаларини иш билан таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Биз ҳам ўз навбатида жонажон юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб, унинг тинчлигини сақлаш ва давлатимизнинг ҳар томонлама ривожланиб боришига муносиб ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз”.

Миллий гвардия катта лейтенанти Агрибек Гулчиев: “Бу ерда ташкил этилган тадбирдан жуда ҳурсандман. Бу ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган катта эътиборнинг намунасидир. Бу ерга келишдан олдин Сергели туманидаги 237-мактабда бўлдик. У ерда ҳарбий хизматчиларимиз ўзларининг кўргазмали машғулотларини намойиш этишди, хизмат жараёнида қўлланиладиган қуролларидан фойдаланиш усулларини кўрсатишди. Бу мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғитди. Учрашув чоғида ўқувчилар ҳарбий хизматчи бўлиш учун нима қилиш керак деган саволлар билан мурожаат қилишди. Бу бизнинг касбимизга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат беради. Бизнинг кўпмиллатли Ўзбекистонимизда ҳарбий хизматда турли миллат вакиллари бор. Тўғрисини айтсам, уларни бошқа миллат вакиллари ҳам дея олмаймиз. Чунки, ўзаро аҳиллик ва биродарлик ҳис туйғуси қон-қонимизга сингиб кетган ва бизлар бир оиладек бирга яшаб келамиз. Бу юртимизда миллий сиёсат соҳасида олиб борилаётган ишларнинг ёрқин мисоли бўла олади”.

 

 

Халқимиз суйган санъаткорлар ҳамда Республика уйғур миллий маданий маркази қошида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга келган меҳмонлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафларида хизмат қилган жангчилар, тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди ва тадбирга байрамона шукуҳ бахш этди.

 

Дастур доирасида 14 январь – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан сафдошларига ўрнак кўрсатган бир гуруҳ Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида, миллий маданий марказларнинг фаол аъзолари ўзларининг миллий қўшиқ ва анъаналарини ўзида акс эттирувчи бадиий чиқишлари билан йиғилганларни хушнуд этдилар.