2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

“Ўзбекистон ўғлонлари-оримиз ғуруримиз”

1991 йил 6 сентябрь санаси Ватанимиз солномасига унутилмас кун бўлиб муҳрланди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди.

1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжат мамлакатимиз хавфсизлигига тахдид солиши мумкин бўлган ва минтақада келиб чиқаётган хавф-хатарларни ҳар томонлама тахлил этиш асосида армиямизни ислох, қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига асос бўлди. Шу боис ҳар йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами сифатида мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Ўзбекистон уйғур маданият маркази билан ҳамкорликда 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар  соҳасидаги давлат сиёсати Концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”сининг 11 бандида белгиланган “Миллатлараро тотувлик –Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови” мавзуси доирасида 14 январь Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Ўзбекистон ўғлонлари-оримиз ғуруримиз” деб номланган бадиий кеча ва концерт дастури ташкил этилди.

 

 

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси хизматчилари, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, талаба ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Қўмита раиси  Рустамбек Қурбонов йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этиб, миллий армиямиз ўтган қисқа давр ичида тўла шаклланиб, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда беқиёс хизмат кўрсатиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дастур доирасида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир гуруҳ Миллий гвардия ходимларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 

“Ватан ҳимоячилари куни республикамизнинг барча худудларида, ҳарбий қисмларда, каттаю-кичик корхоналарида кенг нишонланмоқда”, — деди Ўзбекистон қозоқ маданий маркази раиси Серикбай Усенов. “Қуролли кучларимизнинг ташкил этилганига 28 йил бўлди. Муҳтарам Президентимизнинг Қуролли кучлар академиясига ташрифи чоғида ҳарбийларга яратилган шароитлар, энг замонавий ҳарбий техникалар билан таъминланганини кўриб Ватанимиз даҳлсизлиги ишончли қўлларда эканига амин бўлдик. Давлатимиз ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаб, уларга кўрсатаётган эътиборига жавобан ҳарбийларимиз юртимиз тинчлиги, халқи, Ватани учун тинмай хизмат қилишмоқда. Албатта, бу байрамга етганлар ва етмаганлар бор. Бугунги тадбиримизда турли миллат вакиллари жам бўлишган. Улар мамлакатимизда хукм сураётган тинчлик тотувлик, миллатлараро ҳамжихатликни сақлаб, мустаҳкамлашга кечаю-кундаз хизмат қилаётган миллий гвардия аскарларига, ҳарбийларимизга ўз миннатдорчиликларини билдиришмоқда. Бу ўз навбатида ўсиб келаётган ёшларимиз тарбиясига катта тасири бўлади”.

 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Ихтиёр Ахмедов: “Президентимиз томонидан қабул қилинган кўплаб Қарор ва Фармойишлар ёшларимиз учун Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга катта асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, ўсиб келаётган ёш йигитларимизни қуролли кучлар сафига чорлаймиз. Ўтказилган бугунги тадбир бизга кўрсатилаётган эътиборнинг нишонаси деб биламиз ва ташкилотчиларга катта миннатдорчилигимизни билдирамиз”.

 

 

Республика уйғур миллий маданий маркази қошида ташкил этилган бадиий хаваскорлик жамоалари, турли миллий мадани марказлар санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга келган меҳмонлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари сафларида ҳизмат қилган жангчилар, тадбир иштирокчиларида катта таъссурот қолдирди ва тадбирга байрамона шукух бхш этди.