Мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси кўмагида кеча Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва «Ҳиндистон-Ўзбекистон» дўстлик жамияти вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов, «Ҳиндистон-Ўзбекистон» дўстлик жамияти раиси Анил Кумар Шастри, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Шипра Гош иштирок этди.
Музокара иштирокчилари маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар ривожини янада жадаллаштиришга қаратилган қўшма тадбирлар режаларини муҳокама қилди. Хусусан, икки давлат олий ўқув юртлари профессор ва талабалари ўртасида ўзаро алмашув дастурлари, қўшма адабий нашрлар ва таржималар устида ишлаш, фотокўргазмалар ташкил этиш имкониятлари ўрганилди.
Учрашув якунида юқоридаги барча йўналишларни қамраб олган ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.