Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси раиси Р.Дж.Курбанов бошчилигида 2019 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факультетида “Этнология ва ижтимоий антропология” мутахассислиги бўйича 25 та қабул қилинган бакалавр талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирни Тарих факультети декани проф. А.Г. Мўминов олиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институтининг Этнология ва антропология бўлими бошлиғи проф. А.Аширов, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитасининг Илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи проф. Б.Каримов, ЎзМУ Тарих факультети Археология кафедраси проф.в.б. К.Салимов, ушбу кафедра ўқитувчиси А.Бобобеков, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитасининг Илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими етакчи мутахассиси доц. Н.Полвонов, Қўмитанинг матбуот котиби Г.Шукуров ва 25та бакалавр талабалар қатнашди.
Мажлисда Қўмита раиси Р.Курбанов мамлакатимизда ва жаҳон миқёсида миллатлараро тотувликни таъминлаш масалалари, бу борада қўмита олиб бораётган фаолият ва ушбу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш зарурати ҳақида маъруза қилдилар. Проф. А.Аширов Ўзбекистон Фанлар Академиясида миллий масалалар ва миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритиш учун юқори малакали кадрлар зарурлиги ҳақида фикр билдирдилар.
Қўмитанинг илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи проф. Б.Каримов миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-тадқиқотларни кучайтириш ва бу соҳада Қўмита қошида илмий-тадқикот марказини, Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибида Этнология институтини ташкил қилиш зарурлиги ҳақида фикр билдирди. Проф.в.б. К.Салимов этнология ва ижтимоий антропология ихтисослиги бўйича талабалар учун ўқиладиган курслар дастурлари ҳақида қисқа маълумот берди.
Талабалар берган бир қатор саволларга мажлис иштирокчилари жавоб беришди ва талабаларга ўқиш жараёни вақтида астойдил шижоат билан ўқиш кераклигини, чет тилларини, айниқса, рус ва инглиз тилларини, юқори савияда ўрганиш зарурлигини, замонавий этнология ва ижтимоий антропология соҳасида кўп китобларни ўқиш зарурлигини таъкидладилар.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Курбанов Қўмита ҳамда Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети декани проф.А.Мўминов ушбу ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикр билдиришди.