2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар бутун Марказий Осиё учун фойдали

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши норасмий саммитидаги нутқида, бошқа долзарб масалалар қатори, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг транспорт-транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида урғу берилди.

Давлатимиз раҳбари транспорт йўлакларини ривожлантириш ва Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида йирик логистика инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш умумий манфаатларга тўла мос келиши таъкидланди.

Давлатлараро ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ишончли ва тараққий этган транспорт инфратузилмасини, яъни асосий транзит юк оқими амалга ошириладиган халқаро транспорт йўлакларини яратиш лозим.

Ўзбекистонда мавжуд транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янгиларини шакллантириш орқали товарларни жаҳон бозорига олиб чиқишни таъминлаш, транзит имкониятларини кенгайтиришга эришиш, давлатнинг стратегик вазифалари сирасига киради.

2018 йил Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақаси транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича халқаро анжуман иштирокчиларига мурожаатида Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан минтақа мамлакатларини халқаро транспорт йўлакларига қўшилиши бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлиги қайд этилган эди. Асосий масала Евроосиё марказида жойлашган ва энг йирик халқаро бозорни бирлаштирган Марказий Осиё давлатлари қулай геостратегик позицияга эга эканлигида.

Ушбу йўналишда самарали иш олиб бориш зарурлигини яқинда Сувайш каналида юз берган фавқулодда ҳолат ҳам яққол кўрсатди. Биргина контейнер кемаси ҳаракатланишда йўл қўйилган хатолик ва захира каналлари йўқлиги бутун жаҳон савдо йўлини бир муддат тўсиб қўйди. Айни жараёндаги иштирокчилар учун жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқарди.

Минтақада ўз транспорт артериясини ривожлантириш ва халқаро юк ташувчиларга шароитлар яратиш — Ўзбекистон ўз олдига қўйган долзарб вазифадир.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган мақсадларни амалга ошириш нафақат транспорт ва логистика соҳаси вакилларига, балки республикамиз иқтисодиёти учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун фойдали омил бўлиб хизмат қилади.

Шерзод Файзиев,

Марказий Осиё халқаро институти

сув-экология тадқиқотлари бўлими бошлиғи