2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни республика Олий Мажлисига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномаси

24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида республикамиз телеканаллари орқали тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика Олий Мажлисига Мурожаатномаси трансляциясини мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари иштирокида оммавий кўриш ташкил этилди.

Унда юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, Қўмита ва ШҲТ халқ дипломатияси маркази ходимлари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентга 2019 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига атрофлича тўхталиб ўтди.

 

Республикамиз Президентининг навбатдаги Мурожаатномаси ҳам ўтган йилда амалга оширилган ана шу бунёдкорлик ишларини сарҳисоб қилиш билан бирга 2020 йилга мўлжалланган улкан режалар, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги асосий тамойиллар баён этилганлиги билан ҳам диққатга сазавордир.

Тадбирда иштирок этганлар ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

 

Ринат Гуляев – Республика бошқирд маданий маркази раиси: “Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий 2020 йилни – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилиши ва унда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш билан халқимизни ижтимоий ҳимоялашни ўзаро узвий боғлиқ равишда, уларни бир-биридан ажратмаган ҳолда юксалтиришга жуда катта эътибор берилганлиги муҳим аҳамият касб этади. Бунда қатор долзарб иқтисодий ислоҳотлар билан бирга аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадларини ошириш, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва қайта кўриб чиқиб, уни тўла ислоҳ қилиш, илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни давлат тамонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни муносиб турар уй-жойлар билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошира бориб жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, туризмни ривожлантириш каби ижтимоий масалаларини жадал олға суриб, режаларни белгилаб бериши бизда жуда катта ҳаяжон ва улкан қизиқиш уйғотди” – деди.

 

Лола Джуманова – Республика қозоқ миллий маданий маркази фаоли: “Муҳтарам Президентимизнинг маърузаларидан фаолиятимизга оид янги ёндашувлар, ташаббус ва ғоялар олдик. Айниқса, ёшларнинг илм олишига, етук инсон бўлиб етиши учун  яратилаётган имконятлар Ўзбекистонимизни гуллаб яшнашида  албатта ўз самарасини беришига ишончим комил. Мурожаатнома ҳар биримизнинг қалбимизга ёруғлик, эртанги кунимизга собит ишонч олиб кирди, унда баён этилган ҳар бир масала юзасидан билдирилган аниқ далил ва исботлар, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш чора-тадбирлари ҳаммамизнинг кўнглимиздаги гап бўлди. Бундан биз одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаш учун шароит яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида, муаммоларнинг ечимини топиш шахсан Президентимизнинг ўз назоратида эканлигига яна бир карра амин бўлдик, биз буни чин қалбдан олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз”, — деди.

 

Насиба Зайнутдинова – Республика тожик маданий маркази масъул котиби: “Биз хозир Муҳтарам Президентимизнинг Парламентга, халқимизга йўллаган мурожаатини катта қизиқиш билан тингладик. Мен тожик миллати сифатида тўлқинланиб ўтирдим. Марузада айниқса, таълим соҳасида киритилаётган янгиликлар мени ўқитувчи сифатида жуда қувонтирди ва бу йилни илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниши, албатта ривожланишимизнинг барча соҳаларида катта натижалар беради. Миллатлараро муносабатларга хозирги глобаллашув жараёнида турли мавкуравий, ғоявий тахдидлар хавф солиб турган бир пайтда, бу масала доимо давлат сиёсати даражасида, шахсан Президентимиз эътиборида туришидан Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакиллари доимо фахрланиб, қувониб юрамиз. Мен бир нарсани айтмоқчиман, Абдулла Қодирийнинг халқ тилига кўчган бир ибораси бор – Бу даргоҳдан хеч ким норизо бўлиб кетмаслиги керак – деган. Бизнинг муҳтарам юртбошимизнинг сиёсати халқона қилиб айтганда худди мана шу нарсанинг ўзида акс эттиради деб ўйлайман”.

Тадбир ОАВда кенг ёритилди: “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, “Менинг юртим”, “Узрепорт” теле ва радиоканаллари, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока”, “Класс”, “Маҳалла” газеталари муҳбирлари ва эркин журналистлар ва блогерлар қатнашди.