2021 йил Bosh-sahifa-kir

“Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида онлайн давра суҳбати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида маданий-маърифий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон-Болгария” дўстлик жамияти, Россия ва МДҲ мамлакатлари билан дўстлик федерацияси, Болгария Республикаси “Славян” Фонди, “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик жамияти иштирок этишди.

Ушбу онлайн давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳамда Қўмита ва Болгария томони ўртасидаги  маданий-маърифий ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган.

 

Онлайн тадбирда Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар, жумладан, маданият ва санъат йўналишида изчил ривожланиб бораётганлиги ҳақида фикр билдирилди.

Бу дўстлик алоқаларининг ривожланиб боришида халқ дипломатиясининг ўрни муҳимлиги, ўтган тарихий давр ичида мамлакатларимиз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий йўналишларда катта ижобий натижаларга эришилганлиги айтиб ўтилди.

Учрашув давомида Россия ва МДҲ мамлакатлари билан дўстлик федерацияси, Болгария Республикаси “Славян” Фонди раиси З.Захариев федерациянинг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳамда у томонидан ташкил этилиб келинаётган тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот бериб ўтди.   Бугунги кунда Болгария ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик алоқалари йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, шунингдек, федерация ва жамият томонидан Болгарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш билан боғлиқ кўплаб ишлар амалга оширилиб келинаётганлиги ҳақида маълумот бериб ўтди.

 

Тадбир давомида Болгария томони Ўзбекистонни Марказий Осиёда энг барқарор ривожланаётган, улкан иқтисодий-ижтимоий салоҳиятга эга ҳамкор давлат сифатида кўришини, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда алоқалар янада ривожланаётганини, бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.

Мулоқот давомида 2021 – 2022 йилларга мўлжалланган режалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Болгария халқлари ўртасида ўзаро маданият ва санъат соҳаларда учрашувлар, анжуманлар ва давра суҳбатларини ўтказишда “Халқ дипломатияси” механизмларидан унумли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Қўмита ва Россия ва МДҲ мамлакатлари билан дўстлик федерацияси, Болгария Республикаси “Славян” Фонди, “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик жамияти ўзаро биргаликда ишлар олиб бориш масалаларида кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилишга келишилди.