Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси билан “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон: Европада янги имкониятлар» мавзусида онлайн-мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси, Бенилюкс мамлакатлари ва Данияда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ватандошлар иштирок этди.
Мулоқот аввалида хотин-қизлар жамиятимизнинг фаол аъзосига айланиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, янги технология ва илм-фан ютуқларини олиб киришда “Тадбиркор аёл” ассоциацияси вакиллари муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Конференция қатнашган хориждаги ватандошлар “Тадбиркор аёл” ассоциацияси фаолияти билан яқиндан таништирилди. Жамият аъзолари бўлган хотин-қизлар гўзаллик саноатидан тортиб қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган қатор соҳаларда фаол иштирок этаётгани қайд этилди.
Онлайн-тадбирда ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида маълумотлар алмашиш тизимини янада ривожлантиришга келишиб олинди.
Иштирокчилар кейинги видеомулоқотларни Европа бозорларига чиқиш учун хорижий мамлакатларда жорий қилинган божхона, солиқ, санитария талабларини ўрганиш масалаларига бағишлаш таклифини билдирди.
Мулоқот давомида хориждаги ватандошлар Анна Борошок, Дилором Изамова, Дурдона Қодирова “Тадбиркор аёл” ассоциацияси билан ҳамкорликда миллий маҳсулотларимизни Европа бозорларига олиб кириш, ҳамкорлар топишда амалий ёрдам беришга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси вакили Бобуржон Расулов ўз чиқишида хорижий давлатлар бозорларини ўрганиш ва маълумотлар алмашишда бизнес элчиларнинг ёрдами юқори эканини қайд этди ва хорижий мамлакатларда фаол ватандошлар орасидан Ўзбекистоннинг бизнес элчиларини тайинлаш ишларини янада фаоллаштириш таклифини илгари сурди.
Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда дунёнинг 16 мамлакатида Ўзбекистоннинг бизнес элчилари тайинланган.
Суҳбат якунида видеомулоқотни мунтазам равишда ва алоҳида йўналишларда ўтказиш бўйича йиллик режа — «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш, хориждаги ватандошлар ва Ўзбекистондаги тадбиркор аёллар мулоқотини самарали ташкил қилиш учун «ягона платформа» яратиш, хорижий ҳамкорлар топишда хориждаги ватандошлар имкониятларидан фойдаланиш, чет элларда мамлакатимиз бизнес элчиларини тайинлашга келишиб олинди. Бенилюкс мамлакатларида яшайдиган ватандошлар иштирокида Ўзбекистон савдо уйларини ташкил қилиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотлар кўргазмасини ташкил қилиш бўйича таклифлар маъқулланди.