2020 год glavnaya Популярные новости

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилди. Бу қандай имкониятлар беради?

Президент томонидан Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисида маъқулланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курмановнинг ёзишича, Туркий кенгаш унга аъзо давлатларнинг мулоқоти ва ҳамкорлигини илгари суриш мақсадида тузилган йирик минтақавий бирлашма ҳисобланади. Ушбу ташкилотнинг шаклланишига қадар Ўзбекистон туркий тиллар давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва янада ривожлантиришда фаол иштирокчи ва ташаббускорлардан бири бўлган.

Туркий тилли давлатлар ўртасида алоқаларни янада жадаллаштириш мақсадида 2009 йилнинг 3 октябрида Нахичеван шаҳрида, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Битим” имзолаган.

Битимга асосан Туркий кенгаш халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади, унинг мақсад ва вазифалари эса туркий тиллар мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада, умуман дунёда тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштироки ушбу ташкилотнинг аъзо-давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, табиатни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техникавий, таълим, энергетика, транспорт, кредит-молия ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга кўмак кўрсатади.

Бундан ташқари, мазкур тузилмага аъзо бўлиш савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида божхона ва транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда банк ва молиявий операцияларни енгиллаштириш имконини бериши айтилади.

“Энг муҳими, Туркий кенгаш доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган Ўзбекистоннинг ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсатини илгари суришда қўшимча омил бўлиб хизмат қилади”, — дейди Алишер Курманов.