2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Хитой коронавирусга қарши биргаликда курашади

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкорларидан саналади. Икки давлат раҳбарларининг қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида кейинги йилларда ўзаро муносабатлар янада ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Дўстнинг қувончига шерик бўлиш, ташвишли кунида ҳам уни қўллаб-қувватлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан. Бу анъана Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавирус пандемияси бошланган дастлабки кунларданоқ яна бир бор яққол намоён бўлди. Ўзбекистон икки бор Чин юртига инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Бугун коронавирусни енгиб ўтган Хитой ҳам, ўз навбатида, ушбу касаллик билан курашда Ўзбекистонни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.

17 апрель куни юртимизга Чин диёридан коронавирусга қарши курашда катта тажрибага эга бўлган бир гуруҳ шифокорлар етиб келишди.

Дарвоқе, ушбу жараённинг бошланиши Хитой жамоатчилигида ҳам қизғин, ижобий муносабат уйғотди. Воқеа маҳаллий ОАВда кенг ёритилди. Пекин ва Нанчань шаҳарлари клиникаларининг тажрибали мутахассисларини Тошкентга кузатиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Тадбирда хитойлик шифокорларнинг мамлакатимизга юборилиши ҳақидаги қарор икки давлат раҳбарларининг ўзбекистонлик ҳамкасбларга тиббий кўмак бериш тўғрисидаги келишувига мувофиқ қабул қилингани алоҳида таъкидланди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тажрибали эпидемиологлар, инфекционистлар, пульмонологлар, невропатологлар, терапевтлар, жарроҳлар, шунингдек, Хитойнинг турли минтақаларида беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда иштирок этган мутахассислардан иборат гуруҳ кутиб олинди.

– Биз коронавирусга учраган беморларни даволаш учун бор куч, маҳоратимизни ишга соламиз, – деди Хитой делегацияси раҳбари, шифокор Ло Ли Шен. – Бунинг учун анъанавий ва замонавий тиббиёт ютуқларидан кенг фойдаланамиз.

Юртимизга етиб келган самолёт саҳнидан Хитой ҳукумати номидан энг зарур тиббий воситалар ва дори-дармон тўпламларидан иборат расмий гуманитар юк ҳам туширилди.

– Хитой халқи коронавирус касаллиги авжига чиққан жуда мураккаб бир вазиятда Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзганини ҳеч қачон унутмайди, деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Ян хоним. – Хитой ҳукумати, компаниялари, корхоналари, маҳаллий ҳокимиятлар, илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек, хусусий сектор вакиллари номидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу орқали икки давлат, икки халқ ҳақиқий дўст экани яна бир бор намоён бўлди. Зеро, биз айнан кулфат чоғида бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз.

Таъкидлаш жоиз, 15 нафар маҳоратли мутахассисдан иборат мазкур гуруҳ Хитойнинг Цзянси провинцияси маъмурий маркази – Наньчан шаҳридан келган. Бу ҳудуд коронавирус эпидемияси маркази бўлмиш Хубэй провинцияси билан чегарадош. Энг муҳими, мазкур минтақа коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар сони бўйича Хитойда биринчи ўринда туради.

Хитойлик мутахассислар ташриф давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги тиббий муассасаларда бўлиб, шифокорларимизни қўллаб-қувватлайдилар, COVID-19 кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этиш бўйича тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда фаолият олиб боришади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА