2021 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

“Ўзбекистон ва Япония ҳамкор шаҳарлари-халқ дипломатиясининг муҳим иштирокчилари” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 28 апрелъ куни “Ўзбекистон ва Япония ҳамкор шаҳарлари-халқ дипломатиясининг муҳим иштирокчилари” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ўтказилди.

Видеоконференцияни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Курбанов кириш сўзи билан очиб,  ушбу тадбир халқлар ўртасида дўстлик, толерантлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга ҳам хизмат қилиб халқ дипломатиясининг ривожида муҳим ахамият касб этиши, қолаверса, Ўзбекистон шаҳар ва вилоятларининг биродарлашув алоқаларини тадқиқ этиш “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мақсад ва вазифаларига ҳам тўла мос келишини таъкидлади.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг Япониядаги Муваккат вакили М.Жалилов, Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Ражабов, “Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси президенти Ф.Като, Тошкент шаҳар спорт ва туризмни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи  С.Таджиев, “Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси ижрочи директори Й.Кавобота, “Нагоя-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раҳбари С.Шамото, “Нагоя-Ўзбекистон” дўстлик жамияти ижрочи директори Б.Ибрагимовлар мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Ўзбекистон шаҳар ва вилоятларининг Япония маъмурий ҳудудлари билан биродарлашув алоқаларига оид материаллар таҳлили ўзаро ҳамкорликда бу соҳада кўпгина ижобий ишлар амалга оширилгани, бироқ ҳали ишга солинмаган кўпгина имкониятлар ҳам мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Видеоконференция конструктив руҳда ўтиб, иштирокичлар келгусида ҳам бундай учрашувларни мунтазам ўтказиш таклифини беришди.