Версия для слабовидящих

2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ҳудудида ҳамкорлик марказини қуришади

Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари икки мамлакат чегараси ҳудудида «Марказий Осиё» халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик маркази қурилишига старт беришди. Марказ орқали суткасига икки томонга 35 минг киши ва 5000 дона юк машиналари ўтиши мумкин бўлади.

10 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари Абдулла Арипов ва Аскар Мамин ўзбек-қозоқ чегараси ҳудудидаги «Марказий Осиё» халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказига тамал тоши қўйишди. Марказ «Ғишткўприк» («Жибек Жолы») ўтказиш пункти ҳудудида қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда томонлар савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, космик соҳа, саноат, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраш, минтақалараро ва чегаравий ҳамкорлик ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Қозоғистон бош вазири матбуот хизматининг аниқлик киритишича, тадбирда автомобиль қуриш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги саноат мажмуаси маҳсулотини қайта ишлаш ҳамда юқори тезликдаги «Туркистон-Чимкент-Тошкент» темирйўл магистралининг қурилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фото: primeminister.kz.

Халқаро марказнинг умумий майдони 400 гани ташкил этади, ўтказиш имконияти — суткасига икки томонга 35 минг киши ва 5000 дона юк машиналари. Марказ Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокидаги қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик саноат ва савдо-логистика майдони бўлиши кутилмоқда. Саноат кооперациясининг энг истиқболли йўналишлари сифатида ишлов бериш сектори, қишлоқ хўжалиги саноати ва енгил саноат кўрилмоқда.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўзаро савдо миқёсини 10 млрд долларга етказиш масаласи устида ишламоқда. Бугун бошланаётган лойиҳа ушбу мақсадга эришишда ёрдам беради ва иккала мамлакатнинг ҳар томонлама стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлашда кўмаклашади», — деди Аскар Мамин.

Қозоғистон томони икки мамлакат ўртасида ягона товар ўтказиш тизимини ташкил этишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Буни Ўзбекистоннинг Сурхандарё ва Фарғона вилоятларида йилига 67 минг тонна ўтказиш қувватига эга бўлган улгуржи-тарқатиш марказларини очиш орқали амалга ошириш таклиф этилган. Инвестицияларнинг умумий ҳажми 22,5 млн долларни ташкил этади.

Print Friendly, PDF & Email
loading