Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан Қўмита ҳамда мутассади вазирлик ва идоралар билан биргаликда Россия Федерациясидаги ватандошлар вакиллари иштирокида “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар ўрни” мавзусида онлайн-мулоқот ташкиллаштирилди.
Тадбирда Хабаровск шаҳридаги Россия Федерацияси “Бутунжаҳон ўзбек бирлашмалари конгресси” Минтақалараро ижтимоий ташкилоти, Владивосток шаҳридаги “Адолат” ўзбеклар ва Ўзбекистон ватандошлари жамоатчилик ташкилоти, Омск шаҳридаги “Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги” жамлоатчилик ташкилоти, Қозон шаҳридаги Татаристон Республикаси ўзбеклар миллий-маданий автономияси, Оренбург вилоят ўзбеклар миллий-маданий автономияси, Астрахань шаҳридаги “Ўзбекистон” ҳудудий ўзбек миллий маданиятини асраш ва ривожлантириш жамоа ташкилоти, Ростов на Дону шаҳарлардаги ватандошлар ташкилотлари раҳбарияти иштирок этишди.
Тадбирдан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларини муваффақиятли амалга оширишда халқ дипломатияси механизмларидан ҳар томонлама фойдаланиш, иқтисодий-ижтимоий, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа соҳаларни ривожлантиришда, унинг обрўсини ошириш ҳамда ташқи дунё билан муносабатларини мустаҳкамлашда Россия Федерациясидаги ватандошлар тажрибасини ўрганиш назарда тутилди.
Онлайн мулоқот давомида ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблиги, улар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ислоҳотларни сифат жиҳатдан яхшилашда уларнинг салоҳиятини жалб этиш, ватандошлар ва меҳнат муҳожирлари энг кўп истиқомат қилаётган ҳудудларда Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидагиватандошлар ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Онлайн-мулоқот натижаларига кўра хулоса ва таклифлар тайёрлаб тегишли ташкилотларга киритишга келишиб олинди.